2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминланади. Бу ҳақда бугун, 23 март куни АОКАда Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Содиқов иштирокида ўтказилган брифингда айтилди.
Брифингда “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган вазифалар юзасидан маълумотлар берилди.
Фармонга кўра:
- давлат дастури асосида 45 минг хонадонли уйлар;
- янги тартиб асосида шаҳарларда 17 354 та;
- қишлоқ жойларда 9 260та;
- 6 500 та якка тартибдаги уйлар қурилади.
Эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий турар жой билан таъминлаш учун қишлоқларда 8 336та — “Қишлоқ қурилиш инвест”, шаҳарларда 3 550та “Ўзшаҳар қурилиш инвест” иштирокида қурилади.
Ҳокимликлар ўтган даврларда қурилган массивлар ёки кўп қаватли тураржой комплекслар ҳудудлардаги бўш ер майдонларини хатловдан ўтказади ва уй-жойлар қуриладиган ер участкаларининг манзилли рўйхатини шакллантиради.
Фармон талабларига кўра, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ва бозор инфратузилма объектлари (мактаб, тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари, ишлаб чиқариш объектлари ва ҳоказо) мавжудлиги ва муҳандислик тармоқлари (ичимлик сув таъминоти, электр тармоқлари, газ таъминоти, оқава сув ва алоқа тармоқлари) билан таъминланганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари Инжиниринг компаниялари билан “техник буюртмачи функцияси”ни (техник, муаллифлик, қурилиш соҳасидаги назоратларини ўрнатиш ва ўзаро ҳисоб-китоблар) амалга ошириш бўйича шартнома тузади.
Кўп квартирали уй-жойлар қишлоқ жойларда 5 ва ундан юқори қаватли, шаҳарларда 9 ва ундан юқори қаватли, монолит темир-бетон ва йирик панелли конструкциялар ҳамда бошқа қурилиш материаллари асосида, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ иккинчи даражадан паст бўлмаган иссиқлик ҳимояси билан таъминланган ҳолда массив шаклида қурилади.