АсосийSiyosat

Транспорт вазири “Ҳукумат соати”га нега чақирилди?

'Транспорт вазири “Ҳукумат соати”га нега чақирилди?'ning rasmi

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси фаолиятига оид бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди — жами 8 та масала муҳокама қилинди.  

Чунончи, навбатдаги ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан таклифлар эшитилди ва тасдиқланди. Шунингдек, парламентнинг халқаро ҳамкорлик доирасидаги фаолияти юзасидан ахборот берилди. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот эшитилди.  

Маълумки, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Парламент назоратини самарали амалга ошириш, айниқса, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни мутасадди раҳбарлар олдига қўйишда «Ҳукумат соати» институтидан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Кенгаш раиси Нурдинжон Исмоилов навбатдаги “Ҳукумат соати”га ҳукумат аъзоларидан кимни чақириш, муҳокама мавзуси юзасидан таклифлар сўради.  

Фақат битта таклиф билдирилди. “Миллий тикланиш” партияси фракцияси раиси Алишер Қодиров айни пайтда жамоатчилик эътиборида бўлиб турган долзарб мавзу – йўлсозлик  эканини таъкидлади ва Транспорт вазирини “Ҳукумат соати”га чақириш, бу ташкилот мутасаддилари айрим масалаларда аҳолига  изоҳлар бериши лозимлигини таъкидлади.  

Таклиф маъқулланди. Аммо, фақат битта фракция раҳбарининггина таклиф билдиргани, муқобил вариант бўлмагани Спикер томонидан кескин танқид қилинди.  

Спикер Нурдинжон Исмоилов кенгашнинг барча аъзоларида бундай муҳим масалаларда алоҳида ташаббус ва фаоллик бўлиши лозимлигини таъкидлаб, навбатдаги муҳокамаларда ҳар бир фракция вакилларини асослантирилган таклифлар билан иштирок этишга чақирди.

    Бошқа янгиликлар