АсосийЖАМИЯТ

Олмазор туман фуқаролари учун ўтказилган сайёр қабулда 14 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди (фото)

Аввал хабар берганимиздек, ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Олмазор тумани фуқа...

Аввал хабар берганимиздек, ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Олмазор тумани фуқароларини қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси) Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси) Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси) Мақсудбек Саидов, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ҳамда иқтисодий судларнинг раислари, судьялари қатнашди. 

Шунингдек, сайёр қабулда туман сектор раҳбарлари – Олмазор тумани Хотин-қизлар масалалари бўйича маслахатчиси О.Арипова (1-сектор раҳбари), туман прокурори О.Маннанов (2-сектор раҳбари), туман ИИБ бошлиғи М.Вафаев (3-сектор раҳбари), 4-сектор раҳбари А.Раҳимов ҳам иштирок этишди.

Сайёр қабул давомида “Аёллар дафтари”га киритилган 7 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож аёлларга моддий ёрдам берилди.

Қолаверса, пробация ҳисобида турувчи назоратдаги 14 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди ва иш билан таъминланди. 

“БЎШЛИҚ ҚОЛМАСИН”

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2017 йил 2 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 159-моддаси 1-қисми, 2441-моддаси 2-қисми, 2442-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 57, 59-моддалари тартибида 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган маҳкум сайёр қабулда ЖКнинг 73-моддасига асосан тайинланган жазо муддатини 2/3 қисмини ўтаганлигини ҳамда Жиноят-ижроия кодексининг 443-моддасига биноан суд томонидан юклатилган тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар тўлиқ олиб ташланди. 

— Масжидда техника масалалар бўйича ходим эдим. Бундан 22 йил аввал маҳалламиздаги икки йигит Ислом динига даъват қилишганида, динга бўлган қизиқишим туфайли “қандайдир маълумот оламан”, деган фикрда улар билан гаплашиб қолдим. Йигитлар билан уч маротаба кўришганмиз. Ота-онам ҳам бу ҳаракатимга қарши бўлишган. Аслида йигитларнинг фикрлари у вақтгача эшитиб келган фикрларимга қарама-қарши бўлгани боис алоқани узганман. Тўғри, у вақтлар анча ёш эдим, балки ёшлик қилгандирман. Улар ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қўлга олингач, кимлар билан суҳбатда бўлишгани ҳақида маълумотларни тақдим қилишган экан ва у рўйхатда мен ҳам бўлганман. Шу боис орадан таҳминан 18 йил ўтганидан кейин мени ҳам терговга жалб қилишган. 

Бу орада ўшлик бир домланинг маърузалари ёзилган дискни эшитиш учун сотиб олгандим, уйимда сақланарди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг хулосасига кўра, бу маърузалар Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қиладиган бўлиб чиққан, буни билмасдим. Шунинг ортидан судланиб қолдим... 

Шукр, ўз тўғри йўлимни танлаб олганман. Бу воқеларни бошдан ўтказган инсон сифатида тавсиям, яқин танишингиз бўлган тақдимда ҳам ўз фикрингиз, дунёқарашингизга эга бўлинг. Фикрингизда бўшлиқ қолмасин, йўқса уни бошқалар тўлдиришга уринишади, бу ҳолатга асло йўл қўйманг. 

“ҚАМОҚДАН ЧИҚҚАНИМДА ФАРЗАНДИМ КАТТА БЎЛИБ ҚОЛГАНДИ, МЕНИ ТАНИМАСДИ...”

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2016 йил 16 августдаги ҳукмига кўра, жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкум ҳам сайёр қабул давомида ўталмай қолган жазо муддати 9 ой 5 кун ахлоқ тузатиш иши жазосидан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.

Маҳкумга Олий суднинг 2016 йил 12 октябрдаги “Амнистия тўғрисида”ги Қарорига кўра, жазо муддати 1/3 қисмига қисқартирилган ва ўташ учун 5 йил 5 ой 20 кун жазо муддати қолдирилган. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Сардоба туман судининг 2019 йил 30 апрелдаги ажримига кўра, ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмаган жазоси ойлик иш ҳаққининг 15 фоиз давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил 6 ой 1 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Маҳкур 2021 йил 15 мартга қадар ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги асосий жазо турини 1 йил 8 ой  25 кунини ўтаган. Маҳкум панжара ортида ўтган кунларини хотирлади... 

— Кўчада қўшним билан суҳбатлашиб кетаётган вақтимизда арзимаган сабаб билан мени ҳақоратлагани учун унга қўл кўтарганман. Натижада 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиндим. Бу айтишга осон, лекин бу муддатдаги ҳар бир сонияси асрларга татигулик бўлади. Бу ҳолатни ҳис қилишнинг ўзи азоб. Одатда кўпчилигимиз табиатан қизиққонмиз. Қаршингиздаги киши ҳақоратласа ёки бизга қарата бирор ножўя гап айтса, дарров ловуллаб ёниб кетамиз. Жаҳл чиққанда эса ақл кетади. У қанчалик ҳақоратламасин, айтгандек инсон бўлиб қолмаслигимизни, кўнгилни кенг қилиб, ҳолатни вазминлик билан юмшатиб, бу вазиятдан муносиб чиқиб кетиш кераклигини англаб етдим. Шундай вазият туғилдими, дарров кўз ўнгимизга ота-онамиз, оиламиз, фарзандларимизни келтиришимиз керак экан. Арзимаган тортишув оқибатида “судланган” деган тамға олишга арзимайди. Ўша воқеа юз берганда иккинчи фарзандим туғилганди, ҳатто юзини кўролмаганман. Орзу-ҳавас, фахр билан фарзандимни туғруқхонадан ўз қўлим билан олиб чиқолмаганман. Қамоқдан чиққанимда эса фарзандим катта бўлиб қолганди, мени танимасди... 

Хулосаларим натижасида, дўстлар даврасидан бўлишдан кўра, оила даврасида вақт ўтказишнинг аҳамиятини тўлиқ англадим. Уйимда мени кўзи тўрт бўлиб кутадиган жонкуярларимнинг қадрини чуқурроқ англадим. Тонгда ишга, сўнг ишдан уйга шошадиган одамга айландим. Аслида буни тушуниб етиш учун бош деворга бориб тегиши шарт эмас, ишонинг...

    Бошқа янгиликлар