Самбо бўйича 2021 йилги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, Самбочилар учун йилнинг энг муҳим мусобақаси ҳисобланадиган жаҳон чемпионати Ўзбекистон пойтахтида 12-14 ноябр кунлари ўтказилади.
Aввалроқ, ушбу жаҳон чемпионати мезбони сифатида Москва шаҳри эълон қилинганди. Бироқ, Спорт арбитраж суди (CAС) қарори билан Россия икки йил давомида жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларини ўтказиш учун даъвогарлик қила олмайди. Шу сабабли, Халқаро самбо федерацияси ва Россия самбо федерацияси ушбу мусобақани бошқа мамлакатда ўтказиш қарорига келишди.
“Биз жаҳон чемпионатини ўтказиш учун Ўзбекистон самбо ассоциациясидан таклиф олдик. Тошкентда 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинлари бўлиб ўтишини ёдда тутган ҳолда, ушбу мусобақани Ўзбекистонда ташкил қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, – деди Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков.
Осиё самбо уюшмаси президенти Aламжон Муллаев эса самбо бўйича жаҳон чемпионати Тошкент учун ёшлар Осиё ўйинларига ўзига хос синов вазифасини бажаришини таъкидлаб ўтди.
2025 йилда Ўзбекистонда илк маротаба ёшлар ўртасида Осиё ўйинлари ўтказилади. Шу сабабли, ушбу мусобақада Осиё Олимпия Кенгаши вакиллари ҳам қатнашишади. Мусобақа ёшлар Осиё ўйинлари учун тест турнир вазифасини бажаради.
Осиё самбо уюшмаси раҳбари, шунингдек, жаҳон чемпионатининг ташкилий қўмитаси мусобақа қатнашчиларига виза билан боғлиқ масалаларда ҳам ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди.
“Пандемия билан боғлиқ юзага келган қийин вазият сабаб, Ўзбекистонда элчихонаси йўқ мамлакатларга виза билан боғлиқ кўмак берилади. Улар аеропортнинг ўзидаёқ виза олишлари мумкин бўлади. Элчихонаси бор мамлакатлар учун эса виза бериш жараёни тезлаштирилади. Бу мусобақа қатнашчиларининг сони яна-да ошишига хизмат қилади”, – деди Aламжон Муллаев.
Шу тариқа, Тошкент шаҳри бу йил самбо бўйича икки йирик мусобақага мезбонлик қилади: биринчиси июн ойида Осиё чемпионати бўлса, иккинчиси ноябр ойида жаҳон чемпионатидир.