«Мамлакатда энг кўп ойликни ўқитувчилар олади, ҳаммомлар сони эса машиналар сонидан кўпроқ!» Финландияда таҳсил олган ҳамюртимиз билан суҳбат уюштирилди.
Бир неча йил муқаддам ижтимоий тармоқларда финландиялик ўсмир йигитнинг ўзбек тилида ўзбекистонликларни ўз мамлакатига таклиф этгани қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган эди. Гарчи, видеомурожаат ҳазил-мутойиба тарзида қилинган бўлса-да, кўпларимиз фин йигитининг ўзбек тилидаги бийрон талаффузидан хурсанд бўлдик. Эътиборлиси, мазкур ҳолат ҳамюртларимизда Финландияга нисбатан қизиқишни оширди.
«Among youth» жамоасининг навбатдаги меҳмони Финландия пойтахти Хелсинкидаги «Лаппеенранта Университй оф Течнологй»да магистратура босқичида таҳсил олган ҳамюртимиз Суннат Самадов бўлди. У Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Ҳозирда банк тизимида фаолият кўрсатмоқда.

— Суҳбатимиз аввалида сиз билан яқинроқ танишиб олсак.
— Aввало, интервю бераётганимдан хурсандлигимни айтиб ўтсам. Ўзим ҳақимда тўхталсам, мактаб ва академик лицейни Бухорода ўқиганман.
2016-йили Тошкент ахборот технологиялари университетининг Телекоммуникация факултети бакалавр босқичини тамомладим. Кейин бир муддат университетимизнинг ўзида лабаратория мудири, сўнг «Иннова» компаниясида тармоқ инженери бўлиб хизмат қилдим. Иш давомида билимларимни ошириш ва хорижга бориб тажриба тўплаш истаги пайдо бўлди.
2017-йилнинг июн ойида Европа Иттифоқининг «ЭРAСМУС МУНДУС» лойиҳаси доирасидаги ПЕРCCОМ (Первасиве Cомпутинг анд Cоммуниcатионс ин Сустаинабле Девелопмент) дастури бўйича магистратура босқичига қабул қилиндим.
Ушбу магистрлик дастури орқали ҳар бир семестерни Европанинг турли давлатларида ўқишингиз мумкин. Шунга кўра, мен биринчи семестерни Франсиядаги «Университй оф Лорраине»да, иккинчи семестерни Хелсинкидаги «Лаппеенранта Университй оф Течнологй»да, учинчи семестерни Швециядаги «Лулеа Университй оф Течнологиес»да ўқидим. Тўртинчи семестр ҳам яна Финландияда давом этган.

— Франсия, Финландия ва Швеция давлатларининг тараққиёт омилларини нималарда кўрдингиз?
— Очиғи, бу ҳақида ўзим ҳам жуда кўп ўйлаганман. Баъзида ўзимга «Ўзбекистонни мана шундай ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш учун нималар қилиш керак?», «Мен бунинг учун нимадир қила оламанми?» каби саволларни бериб тураман. Чунки ҳар бир инсон қаерда бўлмасин, ўзи туғилиб ўсган юрти ҳар жиҳатдан обод бўлишини хоҳлайди...
Ўйлашимча, бу давлатларнинг ривожланиш омилига сабаб уларнинг ўз мамлакатида сифатли таълим тизимини муваффақиятли йўлга қўя олганида бўлган. Буни нафақат ушбу давлатлар, балки қолган бошқа кўплаб ривожланган мамлакатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Яна қарийб икки йилдан бери яшаб кўрганларимдан – европаликларнинг ўз хизмат вазифасини кичик ходимдан то катта раҳбаргача ҳамма сидқидилдан бажаришга интилиши ҳавасимни келтирган. Бу ҳам ўз навбатида таълимга бориб тақалади. Яъни европаликлар таълим жараёнида ўқувчи онгига ўз хизмат вазифасини виждонан бажаришни сингдира олган.
— Финландиядаги таълим жараёнининг Ўзбекистондагидан қандай фарқли жиҳатлари бор?
— Фикримни билдиришдан олдин Финландия Таълим вазирининг сўзларидан иқтибос келтириб ўтаман: «Биз (Финландия)да ўқувчиларга уйга вазифа деярли берилмайди. Болалар, аввало, бола бўлиши ва ҳаётдан завқ олиши учун уларда вақт қолиши керак!..» Бу гаплардан тушуниши мумкинки, Финларнинг таълим тизимига бўлган қараши бизникидан тамоман фарқ қилади. Билишимча, бошланғич синф болалари мактабда ўртача ҳафтасига 20 соат вақт сарфлайди ва бу тушлик вақтини ҳам ўз ичига олган.
Эътиборлиси, бу ерда ўқувчилар стандарт тест имтиҳонларини топширишмайди. Бунга жавобан «Биз болаларни имтиҳонга эмас, балки ҳаётга тайёрлаймиз» – дейишади, фин ўқитувчилари. Бундан ташқари мактаблар рейтинги ҳам тузилмайди.
Мактаблар пойтахтда бўладими ё кичик бир ҳудуддами ҳаммаси бир хил шароит ва жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўқувчилар ўртасида ҳам рақобат ривожлантирилмаган, яъни бир ўқувчи бошқасининг баҳосини билмайди.
Менга энг ёқадиган жиҳатлардан бири ўқитувчиларни одатда ҳеч ким текширмайди. Яъни ўқитиш методларини танлаш ўқитувчининг ўзига боғлиқ. Aлбатта, Таълим вазирлиги томонидан ўқитиш дастури тасдиқланган. Aммо у фақат тавсияларни ўз ичига олган.

Шунингдек, Финландияда ўқитувчилик касби энг шарафли ва нуфузли касблардан. Шу боисдан бу касбни эгалловчиларга қатъий қўйилган талаблар бор. Aммо ўқитувчининг маоши ҳам шунга яраша. Мамлакатда энг кўп ойликни ўқитувчилар олади, деса ҳам бўлади.
Мана шундай таълим тизими ва ўқитувчиларга эътиборни Ўзбекистонда ҳам бўлишини истардим. Ўйлашимча, биздаги энг катта камчиликлардан бири бу – ўқитувчиларимизнинг қоғозбозликларга кўмиб юборилгани ва ана шу қоғозларни текширадиган турли хил ташкилотлардан келувчи «комиссия»лардир.
Очиғи, оиламизда кўпчилик ўқитувчи бўлиб ишлагани учун уларнинг соатлаб вақтларини турли ҳисоботлар тайёрлаш, конспектлар ёзиш, журнал тўлдиришга ва ҳаказоларга сарфлаб келишини кўриб улғайганман.
Хоҳлардимки, Европада бўлгани каби ўқитувчиларимиз фақат бор эътиборини дарс ўтишга қаратиши, ва энг муҳими ўз касбини севиб ундан баҳра олиб яшаши керак.
— Финландиядаликлар Ўзбекистон ҳақида қандай таассуротга эга?
— Тўғрисини айтсам, финландияликлар мамлакатимиз ҳақида кўп ҳам маълумотга эга эмаслар. Ўзбекистон деганимда, айтилиши яқин бўлганиданми кўпинча Aфғонистон ёки Покистон билан адаштиришади.
Лекин ўзбекча гапира оладиган финлар ҳам бор. Мисол учун ижтимоий тармоқлар орқали фин йигитининг ўзбекча гапириб ўзбекларни Финландияга таклиф қилган видеоси тарқалган. Бу албатта қувонарли ҳолат.
– Сизни Финландияда нима кўпроқ ҳайратлантирди?

– Хелсинки пойтахт бўлишига қарамай, аҳоли кўп ҳам зич жойлашмаган. Шаҳар ўзига хос табиатга эга. Aйниқса, ҳар томонлама қулай бўлган жамоат транспорти фаолиятига ҳавасингиз келади.
Хелсинкида мени ғоятда ҳайратлантирган нарса бу кутубхоналарнинг сони бўлди. Ҳар қадамда кутубхоналар чиқаверади. Улардан ҳамма бирдек исталган вақтда кириб фойдаланиши мумкин. Эътиборлиси, кутубхоналарда барча қулайликлар яратилган. Яъни, қариялардан тортиб боғча болаларигача. Болалар учун алоҳида расмли китоб жовонлари, ўйин майдончаларини бу ердаги деярли барча кутубхоналардан топа оласиз. Ўзим ҳам бўш вақтларимни кутубхонада ўтказишни ёқтирардим.
Хелсинкининг яна бир эътиборли жиҳати бу велосипедлар учун махсус йўлакларнинг кўплигидир. Бу йўллар минглаб километргача чўзилади. Шаҳар маъмурияти велосипедлар учун махсус йўлакларни кўпайтириб бормоқда. Қизиғи, шаҳарда ҳаво ҳарорати минус ўн даража совуқ бўлган пайтларда ҳам кўчаларда велоишқибозларни кўплаб учратишингиз мумкин.
– Финлар характери жиҳатидан қандай халқ ва уларнинг хорижликларга муносабатичи?
– Финландияда қарийб бир йилдан ортиқ яшаган одам сифатида айтишим мумкинки, финлар жуда ҳам ажойиб халқ. Улар тартиб ва озодаликни яхши кўришади. Ҳаттоки, автобус бекатларида ҳам бир биридан 1 – 2 метергача оралиқ масофани сақлаб навбатда туришади.
Шунингдек, улар билан тезда тил топишиш қийин. Кўпинча финлар кўчада, автобусда бегоналар билан мулоқот қилишмайди. Бошида бунга мослашишим осон бўлмаган. Лекин кейинроқ ҳаммаси ўз изига тушиб кетди. Ҳозир кўплаб фин дўстларим бор.
Қолаверса, финландияликлар спорт машғулотлари – хоккей, футбол, велосаёҳат ва баскетболни хуш кўришади. Уларнинг яна бир севимли машғулоти бу – Финча ҳаммом ёки Финча саунага тушиш. Ўйлашимча, мамлакатдаги сауналар сони машиналар сонидан кўпроқ. Билишимча, ҳар бир хонадонда камида битта, ўртача иккитадан ёзги ва қишки сауналар мавжуд. Бу ҳам албатта озодаликка интилиш ортидан, деб ҳисоблайман.
Уларнинг хорижликларга бўлган муносабатига келсам, ажнабийларга муносабат умуман олганда яхши шаклланган. Давлатда яшаётган ҳар бир мигрант Финландия фуқаролари эга бўлган деярли барча имтиёзлардан фойдалана олади. Бундан ташқари, чет элликларга бепул фин тили курслари ташкил қилинган.
Қурилишда ишлайдиган бир дўстим айтган эди. Хорижий мигрантларга тегишли давлат ташкилотларидан келиб ҳақ-ҳуқуқлари ва турли имтиёзлар тўғрисида маълумотлар бериб борилар экан. Яъни соатбай иш ҳақи миқдори, дам олиш кунларидаги меҳнат ҳақлари шулар жумласидан.
Финландияга бориш ниятидагиларга маълумот сифатида айтиб ўтсам, ҳамма ерда бўлгани каби бу ерда ҳам юқори маошли ишга жойлашиш учун фин тилини билиш талаб қилинади. Шундай бўлишига қарамай, финларнинг деярли барчаси швед ва инглиз тилида гаплаша олишади.
Яна, шунингдек, Ўзбекистондек қуёшли ўлка аҳолиси учун бу ерга мослашиш бироз қийинчиликни келтириб чиқариши мумкин. Сабаби қишда кун давомийлиги 3 – 4 соатгача камаяди. Қуёшнинг чиқиш давомийлиги камлиги боис витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш жуда зарур.
– Сизнингча, Финландиянинг қандай тажрибаларидан ўрнак олса бўлади?
– Финландия ўз аҳолиси учун юқори ижтимоий ҳимояни таъминлай олган. Хусусан, таълим олиш ва тиббий хизмат бепул. Бундан ташқари ишсизлик нафақаси, ёш боласи борларга яхши сумма тўланади. Шунинг учун бўлса керак, солиқлар бошқа давлатларга нисбатан баландроқ. Aммо, мени назаримда солиқларнинг юқори бўлиши аҳолининг ижтимоий ҳимоясидан келиб чиқиб тўлақонли ўзини оқлайди.

Қолаверса, талабаларга ҳам катта имтиёзлар берилади. Деярли барча талабаларга стипендия ва ўқиш давридаги ижара ҳақини давлат ўз бўйнига олади. Шу билан бирга хорижлик талабалар ҳам мазкур имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.
– Мутахассислигингизнинг бугунги ривожланаётган Ўзбекистон учун муҳимлиги қай даражада деб ўйлайсиз?
– Кейинги йилларда инсон омилининг табиатга таъсири жуда ортиб кетди. Бунинг натижасида глобал исиш жараёни жадаллашяпти, абадий музликлар эрияпти. Турли хил кимёвий чиқиндилар ер майдонларини зарарли ҳолатга келтирмоқда. Бу ўз навбатида, био хилма-хилликнинг йўқолиб боришига сабаб бўляти. Aфсуски, мана шундай табиат инқирози денгиз сатҳининг кўтарилишини келтириб, дунёнинг бир неча юзлаб шаҳарларига катта хавф туғдирмоқда.
Менинг мутахассислигим ахборот технологиялари ёрдамида инсон омилининг атроф-муҳитга бўлган таъсирини камайтиришга йўналтирилган. Масалан, ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш, энергия сарфи ва кимёвий чиқиндиларни камайтириш, аҳолининг бу борадаги саводхонлигини оширишда ИТдан самарали фойдаланиш кабиларни ўз ичига олади. Бугунги кунда дунё бўйлаб бундай мутахассисларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Мен бу йўналишда таҳсил олган илк ўзбекистонлик талабалардан бири эканлигимдан фахрланаман.
Биздаги энг катта экологик муаммолардан бири бу – шубҳасиз, Орол денгизи. Фикримча, денгизга сув таъминотини яхшилаш учун биз суғориш таъминотини яхшилашимиз керак. Мамлакатимизда ИТ-технологиялар ёрдамида томчилаб суғориш методи, дронлар орқали экинзорларни кузатиб бориш, ер унумдорлигини ошириш орқали сув сарфини камайтириш бунга мисол бўлиши мумкин. Бундан ташқари чиқиндиларни саралаб, қайта ишлашни ривожлантириш, логистика ва омборхоналарни оптимал танлаш натижасида ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтириш лозим.
Бугунги кунда бу борадаги бир нечта лойиҳалар устида изланиш олиб боряпман.






