Дунёнинг етакчи авиакомпанияси –“Турк ҳаво йўллари” (“Turkish Airlines”) Туркиянинг йирик шаҳарларидан Фарғонага тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Авиакомпаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори Селим Кахриман бошчилигидаги кўп сонли турк мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ, Фарғона халқаро аэропортини кўздан кечириш ҳамда мавжуд инфратузилма ва хавфсизлик тизими билан жойида танишиш учун Фарғонага келди.
Меҳмонларни аэропорт директори Тимур Халилов ҳамда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари кутиб олдилар.
Самарали ўтган мулоқот чоғида Фарғона аэропортининг водий ҳудудида тутган ўрни ва роли алоҳида эътироф этилди. Меҳмонларга вилоятнинг иқтисодий ва йўловчи салоҳияти, шунингдек Туркия билан ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Учрашув чоғида ҳаво кемаларига ер усти хизмат кўрсатиш ҳамда умумий хавфсизлик рисклари масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал "Turkish Airlines" авиакомпанияси "Урганч халқаро аэропорти" билан ҳам мунтазам авиақатновларни йўлга қўяётгани хабар қилинган эди.
Фарида Эгамбердиева тайёрлади






