Айни кунларда Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Санжар Умматов бошчилигидаги делегациянинг Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулга амалий ташрифи амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида Тошкент делегацияси Истанбул Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Али Сукаш ҳамда шу йўналишдаги бошқа масъуллар билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар шаҳарларнинг кўркамлигини оширишдаги муҳим омиллар, ободонлаштиришда қўлланилаётган янги услублар, гул ва кўчатларни экиш ҳамда парваришлашнинг янги технологиялари борасида фикр алмашдилар.
Шунингдек, учрашувда иштирок этган мутахассислар йўл қурилиши, кўприкларни сақлаш ва таъмирлаш, суғориш тизимларини такомиллаштириш борасидаги янгиликлар ва уларни иқлим шароитига мос равишда амалиётга жорий этиш масаласига ҳам эътибор қаратдилар.
Мулоқот якунида Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Санжар Умматов ҳамда Истанбул Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Али Сукаш томонидан ободонлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишга қаратилган меморандум имзоланди.

Унга кўра, тизимлар қўшма лойиҳаларни амалга оширадилар ва соҳа мутахассислари ўртасида малака алмашинувлари бўлиб ўтади.






