Ижтимоий тармоқларга "Қибрай туман ҳокими халққа қаршими?” сарлавҳаси остида видео лавҳа жойлаштирилди.
Қибрай туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг ушбу ҳолатга нисбатан билдирган муносабатига кўра, туман ҳокимлиги мутасаддилари, туман ер бўлими ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тумандаги мавжуд ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган хатлов жараёнларида қуйидаги ҳолатлар аниқланган:
" – Хусусан ишчи гуруҳ томонидан Тузел қишлоғида жойлашган «Нерудник Ирис» боғдорчилик узумчилик ширкати аъзоларига (90 та хонадон мавжуд) боғдорчилик узумчиликни ривожлантириш мақсадида туман ҳокимининг қарорига асосан фойдаланиш учун қўшимча бириктириб берилган.
«Нерудник Ирис» боғдорчилик узумчилик ширкати аъзолари бириктириб берилган ушбу ер майдонларида иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура, қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда ўзбошимчалик билан якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ерларнинг атрофини бетон ғишт билан ўраганлиги ва бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги ерлари яроқсиз ҳолга келтирилганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича туман ҳокими М.Миркасимов аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларга ҳеч қандай асословчи ҳужжатларсиз қурилмаларни қуриш қонунга зид эканлиги, зарур ҳолларда фуқароларга тегишли тартибда уй-жой олишлари учун тавсиялар беришини айтиб ўтган.
Шунингдек, туман ҳокими фуқаролар билан суҳбати давомида уларга, «Нерудник Ирис» боғдорчилик узумчилик ширкати аъзоларига берилган 90 та хонадонларга ҳеч қандай зарар етказилмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Бироқ номаълум сабабларга кўра, You tube каналида туман ҳокимининг фуқароларга (айнан рус миллатига мансуб аёл билан суҳбатида) юқоридаги фикрларини айтиб ўтган лавҳалари (монтаж қилиниб) кесиб ташланган.
Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ноқонуний қурилмалар (нотурар жой ва деворлар) белгиланган тартибда бузиб ташланди", – дейилади муносабатда.






