Тошкент шаҳрида “Lumiere Hotel&SPA” меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди(фото)
26 март куни Тошкент шаҳрида “Lumiere Hotel&SPA” меҳмонхонасининг очилиш маросими бўли...
26 март куни Тошкент шаҳрида “Lumiere Hotel&SPA” меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди ва йиғилганларни меҳмонхона очилиши билан табриклади.
“Пандемия билан боғлиқ вазиятга қарамай, ҳурматли Президентимиз томонидан туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Туризм соҳаси тадбиркорлари учун кўплаб имтиёз ва преференциялар берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги 4095-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарорига мувофиқ меҳмонхоналарнинг субсидия олиш имкони мавжуд. Субсидия миқдори 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарда ҳар бир хона учун - 40 миллион сўм, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарда ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади. Субсидия 2022 йилнинг 1 январига қадар фойдаланишга топширилган меҳмонхоналар учун ажаратилади. Субсидия олиш учун инвестор Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли ҳужжатлар билан мурожаат қилиши мумкин”, - деди Бош вазир ўринбосари.
Шу ўринда “Lumiere Hotel&SPA” меҳмонхонаси таъсисчиларидан бири Хасан Мамасаидов сўзга чиқиб, давлат раҳбари томонидан туризм соҳасига қаратилаётган эътиборни эътироф этиб, бизнесни ривожлантиришга яратилаётган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.
“Ўзбекистон бугун жаҳон ҳамжамияти ва халқаро платформалар учун очиқ. Юртимизнинг зиёрат туризми, гастронмик туризм, экотуризм, тарихий туризм салоҳияти жуда юқори. Президентимиз ташаббуси, шунингдек Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг саъй-ҳаракатлари билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан соҳани ривожлантириш йўлида жуда муҳим ижобий ишлар қилинмоқда, тадбиркорларга бизнесни ривожлантириш учун қулай шароит яратилмоқда. Буларнинг бари ўз ўрнида сайёҳларда биринчи тўғри таассурот қолдиришда катта аҳамиятга эга”, - деди Хасан Мамасаидов.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, “Lumiere Hotel&SPA” лойиҳасини амалга ошириш учун 10 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилган, бунинг 6 миллионга яқини “Асакабанк” томонидан молиялаштирилган.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуxолиқовга Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг фахрий профессори унвони топширилди.