Хабарингиз бор, бир неча кундан буён Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Тошкент туманларида бўлиб, аҳоли яшаш тарзи билан яқиндан танишиб чиқмоқда.
Кеча, 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ишчи гуруҳи пойтахтимизнинг Яшнобод ва Бектемир туманларида бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилди. Бу ҳада "darakchi.uz"га Сенат Ахборот хизмати хабар қилди.

Хусусан, Сенат Раиси Т.Нарбаева ушбу туманлардаги кунлик ишчилар маркази фаолиятига эътибор қаратди. "Қўйлиқ" бозори ҳудудидаги "Мардикор бозори"даги фуқаролар-ишчилар билан суҳбатлашди. Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, мурожаатларини тинглади. Шу ернинг ўзида улар назоратга олиниб, тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Сенат раиси туманлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли билан ҳам учрашди, фуқаролар муаммоларини тинглади.



Учрашувларда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш, бу жараёнда маҳаллий Кенгашларнинг ўрни, иш самарадорлигини ва депутатлар фаоллигини ошириш муҳимлиги қайд этилиб, туманда мавжуд муаммоларни депутатлик назоратига олиш каби жиҳатларга урғу берилди. Бу борада таклиф ва тавсиялар билдирилди.





