Янгиҳаёт ва Сирғали, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Олмазор, Яккасарой туманларидаги ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган фуқаролар учун оммавий сайёр қабуллар ўтказган Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедовнинг галдаги манзили Чилонзор тумани бўлди.

Улар томонидан мазкур туман фуқароларини қийнаб келаётган муаммолар ўрганилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Чилонзор туман ҳокимиятида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари–фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари– иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисиМақсудбек Саидов ва фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судларнинг раислари ва судьялари қатнашди.

Шунингдек, туман сектор раҳбарлари ҳам қатнашишди.

Сайёр қабулда жами 24 нафар фуқаро иштирок этди. Уларнинг мурожаатлари асосида 27 та масала юзасидан муаммолари ва уларни қийнаётган саволлар кўриб чиқилди. Шундан,
- 15 та мурожаат қаноатлантирилиб, ижобий ҳал этилди.
- 7 нафар фуқарога эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
- 2 та мурожаат назоратга олинди.



Мурожаатлари ижобий ҳал бўлган фуқаролар томонидан ҳатто 4 та миннатдорлик хатлари ҳам келиб тушди.

Мурожаатлари тингланган фуқароларнинг:
• 10 таси жиноят ишлари бўйича;
• 13 таси фуқаролик ишлари бўйича;
• 1 таси иқтисодий ишларга оид масалалар бўлди.




Сайёр қабулда фуқаролар моддий зарар ундириш, пенсия ишидаги ҳужжатлар сохталаштирилгани юзасидан, оилавий низо, ноқонуний қурилмалар, мерос, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, мулкни рўйхатдан чиқариш, никоҳдан ажратиш, суғурта бадалини ундириш каби масалалар юзасидан мурожаат қилишди.





Сайёр қабул давомида пробация назоратидаги 7 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди. Сайёр суд мажлисида бир нафар шахсга оид иш масофавий тарзда – онлайн ўтказилди.

— Маҳкум Ф.Х. 2019 йил 26 ноябрда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан ЖКнинг 104-моддаси, 1-қисми билан айбли деб топилиб, шу моддага асосан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Маҳкум 2021 йил 15 март кунига қадар умумий озодликни чеклаш жазо муддатининг 1/3 қисмидан кўпроғини ўтаган. Чилонзор туман хокимлиги биносида ўтган Тошкент шаҳар судлари раисларининг сайёр қабули доирасидаги сайёр суд мажлисида масофавий тарзда видеоконференцалоқа тизими орқали жазони муддатидан илгари озод қилиш суд жараёни ўтказилди. Таъкидлаш жоиз, онлайн видеоконференцалоқа профилактика инспекторига бириктирилган планшет орқали ўтказилди. Маҳкум II гуруҳ ногирони юра олмайди, унга қулайлик яратиш учун ҳам онлайн суд жараёнини ўтказга қарор қилинди. Сайёр судда Чилонзор туман ИИО ФМБ бошлиғининг маҳкумга нисбатан ўталмаган озодликни чеклаш жазосини муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақидаги тақдимномаси қаноатлантирилди. ЖКнинг 73-моддасига асосан ўталмаган 1 йил 9 ой 15 кун озодликни чеклаш жавзосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, – дейди жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Анваржон Иминов.
“МЕН ҚИЛГАН ХАТОНИ ТАКРОРЛАМАСЛИКЛАРИНИ СЎРАЙМАН”
2020 йил 23 декабрда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан ЖКнинг 276-моддаси, 1-қисми билан айбли деб топилиб, шу моддага асосан унга нисбатан 1 йил муддатга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси олган шахс қилган ишидан пушаймонда эканини маълум қилди.

— Анча вақтдан бери кўришмаган танишим билан учрашиб қолгандим. Унга қандли диабет касаллигига чалинганим, оғриқлар азоб бераётгани ҳақида гапиргандим. У оғриқларни енгишни йўли борилигини таъкидлаб, бир маротаба гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиб кўришимни маслахат берди. Бир маротаба шу усулни қўлладим. Иккинчи маротаба яна шу ишга қўл урмоқчи бўлганимда маҳалладошим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар қилган. Шу тариқа қўлга тушдим. Отам 20 йил аввал вафот этган. Ёлғиз онамни эса ўйламай қилган ҳаракати билан жуда қаттиқ ранжитдим. Оғриқлар олдидаги лаҳзалик ожизлигим сабаб, яқинларимнинг ҳаётини ҳам барбод қилиб қўйишим ҳақида ўйламабман. Бугунги кунда хатти-ҳаракатларимни тўлиқ тушуниб етдим ва бу йўлга қайта қадам босмайман. Бошқалардан мен қилган хатони такрорламасликларини сўрайман. Бир лаҳзалик ожизлигимиз нафақат ўзимиз, балки яқинларимизнинг ҳам ҳаётини остин-устун қилиб юбориши ҳеч гап эмас.
— Маҳкум Чилонзор тумани ИИО Пробация хизматига илтимоснома билан мурожаат қилиб, соғлиги ёмонлиги қандли диабет касаллигига чалингани ва бу туфайли II гуруҳ ногиронлигини олганини маълум қилиб, уни аҳлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилишларини сўраган. ТМЭКнинг маълумотномасига кўра, маҳкум II гуруҳ ногирони экани, меҳнат фаолияти билан шуғуллана олмаслигини инобатга олган ҳолда маҳкумни ЖКнинг 75-моддасига асосан аҳлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилинди, – дейди жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Жаъфар Курбанов.

Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган 3 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди.








