Аввал хабар қилганимиздек, 26 март куни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Ўзбекфильм” Давлат унитар корхонаси томонидан суратга олинган “Муқимий” тарихий бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирга фильм ижодкорлари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, шоир ва ёзувчилар иштирок этишди.
Тақдимот маросимида таъкидланганидек, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий (1850-1903) ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири саналади. У тархимизнинг энг мураккаб, долғали йилларида яшаб ижод қилди. Турмуш қийинчиликлари, давр машақққатларига қарамай, ўз шеърларида адолат ва ҳақиқатни, вафо ва садоқатни, эзгулик ва муҳаббатни тараннум этди.
Фильмда Муқимийнинг ҳаёти ва ижоди, у яшаган давр фожиалари, халқимизнинг бошига тушган мусибатлар илмий ва адабий манбалар асосида ёритилган. Ушбу киноасар Қўқон ва Бухоро шаҳарларида ҳамда Тошкент вилоятида тасвирга олинган.
Томошабинлар фильмда Муқимий билан бирга Фурқат, Муҳаййир, Камий сингари шоирлар, Н.Остроумов сингари тарихий шахслар сиймосини таниқли актёрлар талқинида кўришлари мумкин. Муқимий ролини ёш актёр Улуғбек Рустамов ижро этган. Сценарий муаллифи Рустам Жабборов, Постановкачи режиссёр – Фотиҳ Жалолов.
Фильмда Ўзбекистон Халқ шоири Собир Абдулланинг “Муқимий” романи мотивларидан фойдаланилган. Мусиқаларни Тоҳир Қўзиев басталаган. Бундан анча йиллар илгари Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев томонидан ижро этилган, муқимий шеъри билан айтиладиган “Ёдимга тушди” қўшиғи фильмнинг саундтреки сифатида Шоҳжаҳон Жўраев ижросида куйлангани ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.
“Муқимий” тарихий бадиий фильмининг тақдимоти 28 март куни Қўқон, 29 мартда эса Фарғона шаҳарларида ўтказилди.






