Бугундан Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди.
Оммавий эмлашда ЖССТнинг тавсиясига кўра ва дунёдаги бошқа давлатлар тажрибасига асосланган ҳолда касалликни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган аҳоли вакиллари 65 ёшдан катта бўлганлар тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлар билан диспансер назоратида турувчилар қатнашмоқда.

Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада эмлаш жараёнлари қизғин амалга оширилмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хусан Мамажонов ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Яқубовлар мазкур поликлиникда бўлиб, жараён билан яқиндан танишдилар, вакцина олаётган фуқаролар билан самимий мулоқот қилинди




Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Чақар” маҳалласида жойлашган 47-сонли оилавий поликлиникада ҳам эмлаш жараёнлари давом этмоқда. Вакцина қабул қилишга келган фуқароларни тиббиёт ходимлари аввал тўлиқ тиббий текширувдан ўтказяпти. Эмлангандан сўнг бемор амал қилиши зарур бўлган тавсия ва маслаҳатларини бермоқда.




"Эрта тонгдан эмлаш жараёнларини бошлаб юбордик. Учта махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ҳамширалардан иборат бригадаларимиз эмлаш тадбирларини амалга оширмоқда. Шифохонамиз 29 минг 132 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Эмлашнинг биринчи босқичида 6 минг 500 нафар аҳоли қамраб олинади. Бизнинг ҳудудимизда 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли вакиллари 655 нафарни ташкил этади. Ҳудудда диспансер назоратида бўлган 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган фуқаролар 5 минг 368 нафар бўлса, тиббиёт ходимлари 103 нафар, мактаб ва боғчада фаолият юритувчи кишилар эса 370 нафардан ортиқ ҳисобланади. Ушбу аҳоли вакиллари биринчилардан бўлиб эмланади",–дейди шифоҳона бош шифокори Нилуфар КУВНАКОВА.






