АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди

Бугун, 2 апрель куни “Пойтахт” бизнес марказида  Ўзбекистон электрон оммавий ахборот...

'Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди'ning rasmi

Бугун, 2 апрель куни “Пойтахт” бизнес марказида  Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА)нинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН. ЯНГИ НИГОҲ” Миллий медиа дастури ҳамда ЎзЭОАВМА ва унга аъзо нодавлат телерадиоканалларнинг 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилига мўлжалланган Ривожланиш дастури вазифаларини ижро этишга бағишланган Умумий йиғилиши - конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда ЎзЭОАВМАга аъзо телерадиоканаллар, кабель телевидение студиялари директорлари бош муҳаррирлари, ижодий ва техник ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан ЎзЭОАВМА Бошқруви раиси Ф.Абдухолиқов, ассоциация бош директори Ж.Сафоев, Экспертлар кенгаши раиси Ш.Ғуломов ва бошқалар сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга катта эътибор қаратилаётгании, мамлакатни ҳар тарафлама ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг аҳамиятини  кучайтириш, мулкчилик шаклидан қатъи назар медиа-бозорда улар учун тенг шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида лойиҳаларни шакллантириш сингари масалалар бўйича тўхталиб ўтишди.

Мазкур миллий медиа дастури Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, ЮНЕСКО ва Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари сингари бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

“Янги Ўзбекистон янги нигоҳ” медиа дастури ўз ичига Ўзбекистон электрон оммаваий ахборот воситалари (ЎзЭОАВМА) фаолиятини кенгайтириш, Ахборот сайтлари ва ижтимоий тармоқларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик, Республика ҳудудидаги нодавлат электрон ОАВларни янада ривожлантириш, ёш журналистлар учун кенг имкониятлар яратиш, етук мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, фаол журналистларни рағбатлантириш, хорижий жамоатчиликни мустақиллигимизнинг  30 йиллиги арафасида ўтказиладиган тадбирлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича хабардорлигини ошириш, шунингдек, бу йилги сайловолди кампаниясининг хорижий ОАВларда холисона ёритилиши таъминлаш, Ўзбекистон Президентининг фан, маданият ва санъатни ривожлантириш, маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш юзасидан амалга ошираётган ислоҳотларини, миллий ва халқаро жамоатчиликни Янги Ўзбекистоннинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, Учинчи ренессанс ғояларини оммалаштиришдаги ҳиссасини кенг ёритиш сингари бўлимлардан иборат бўлиб, жами 60 та лойиҳани қамраб олади.

Дастур доирасида “Янги Ўзбекистоннинг юзи”, “Янги Ўзбекистондан гапирамиз”, “Бизнинг мамлакатимиз – бизнинг тақдиримиз”, “Ҳафта якунлари”, “Эркин фикр”, “Янги Ўзбекистонда аёлнинг ўрни”, “Келажак биз билан”, “Ўзбекистон жаҳонга юз тутмоқда”, “Диққат марказида - Ўзбекистон”, “Учинчи ренессансга нигоҳ” сингари ва бошқа кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Конференцияда “Реклама тўғрисидаги қонун”га ўзгартириш ва қўшимчилар киритиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни ишлаб чиқиш, телерадиканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг янгиланган таркиби ва низомларини тасдиқлаш, ЎзЭОАВМАга янги аъзоларни қабул қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Бугунги кунда бутун дунёда, жумладан мамлакатимизда интернет журналистикаси кенг ривожланмоқда. Ҳар йили юртимизда янги-янги ахборот сайтлари рўйхатдан ўтказилмоқда.  

Хусусан, ЎзЭОАВМА бош дирекциясига бир қатор сайтлар раҳбарлари ихтиёрий тарзда аъзоликка қабул қилишни сўраб мурожаат қилишган. Шу боис, ЎзЭОАВМА Низомига бир қатор ўзгаришлар, жумладан ахборот сайтларини ҳам қабул қилиш масаласи киритилди.  

Шунингдек, тадбирда Навоий вилоятида яқинда  иш бошлаган “НТВ” телеканалини  ҳам ЎзЭОАВМАга аъзоликка қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди.  

–Мазкур дастур нафақат ассосициация, балки миллий журналистикамиз тарихидаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлди, – деди ЎзЭОВМА бошқаруви раиси ўринбосари, Экспертлар кенгаши раиси Ш.Ғуломов. – Бир неча ой давомида, қатор вазирликлар, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу Миллий дастурда белгиланган вазифаларни тўлақонли ижроси ҳар биримиздан бу масалага ўта масъулият билан ёндашишни талаб этади.  

–Мамлакатимиздаги нодавлат телдерадиоканалларда фаолият кўрсатаётган 3200 нафардан ортиқ техник ва ижодий ходимларни ўз ичига қамраб олган Дастурда жойлардаги ҳудудий телерадиоканаллар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани бизни жуда қувонтиради, – дейди Фарғона вилоятидаги “Рухсор” телерадиоканали ижрочи директори Иброҳимжон Ҳалимбеков. – Бу ўз навбатида ҳудудий телеканалларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш, уларда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг малакасини оширишда катта аҳамият касб этади.  

–Конференцияда ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволларга ҳам жавоб топдик, - дейди “Nasaf TV” телеканали ва “Nasaf FM” радиоси директори Дилноза Мамадалиева. – Хусусан, янги дастур асосида нодавлат телеканаллар тармоғи – ЎзНТТ мамлакатимиз миқёсида фаолият кўрсатувчи янги телеканал сифатида ташкил этилаётгани, ҳудудларда тайёрланаётган қизиқарли лойиҳаларни бутун мамлакатимиз томошабинлари аудиториясига етказиш имконияти юзага келгани  бизни янада қувонтиради.

Конференцияда сўзга чиққанлар Ўзбекистон медиа маконида ва маданий-гуманитар ҳаётида бу лойиҳалар янгилик бўлпишини, ЎзЭОАВМАга аъзо барча ОАВ ўз кучларини бирлаштириши зарурлигини айтиб ўтишди.

ЎзЭОАВМАга аъзо телеканал ва радио станцияларнинг медиаконтенти сифатини ошириш ҳамда халқимизнинг маънавий эҳтиёжларига жавоб берадиган юқори савияли кўрсатувлар ва эшиттиришлар тайёрлашда бадиий кенгашлар масъулиятини янада кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция ЎзЭОАВМАнинг янги таҳрирдаги Низомини, шунингдек ассоциациянинг бошқаруви, экспертлар кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари тасдиқланди.

    Бошқа янгиликлар