АсосийЖАМИЯТ

Нукусда ташқи ва ички меҳнат бозорида талаб кўп бўлган мутахассисларни тайёрлаш маркази очилди

 Нукус шаҳрида ички ва ташқи меҳнат бозорларида кундан-кунга талаб ортиб бораётган қу...

'Нукусда ташқи ва ички меҳнат бозорида талаб кўп бўлган мутахассисларни тайёрлаш маркази очилди'ning rasmi

 

Нукус шаҳрида ички ва ташқи меҳнат бозорларида кундан-кунга талаб ортиб бораётган қурилиш соҳаси мутахассисларини қисқа ўқув курси доирасида тайёрлаб берувчи Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори томонидан қисқа фурсатларда Нукус шаҳридаги Транспорт коллежи негизида капитал таъмир ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, ушбу марказ бунёд этилди.

Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази очилишига бағишланган тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Мурат Камалов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда марказ ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бугун хорижий мамлакатлар, шу ўринда юртимизда жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ўз ўрнида ҳам ташқи, ҳам ички меҳнат бозорларида қурилиш соҳасинииг малакали мутахассисларига талабни ошириб келаётганини, бу ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлаш, талаб ошаётган соҳага ўз касбининг моҳир мутахассисларини тайёрлаш тизимини тубдан яхшилашни тақозо этаётганини таъкидлаб ўтишди. Таълим бериш тизимининг барча талабларига жавоб берадиган мазкур марказда яратилган қулай шарт-шароитлар касб танлаш учун бел боғлаган фуқароларнинг малака ва тажриба орттиришида севимли масканига айланишини ва бунинг натижасида аҳоли бандлигини сезиларли даражада юксалтиришга эришишимиз мумкинлиги айтиб ўтилди.

Марказда таҳсил олаётган фуқаролар учун қурилиш соҳаси йўналишлари бўйича зарур кўникмаларга эга бўлиши билан бир қаторда хорижий тиллар ҳамда бориши режалаштирилаётган давлатнинг тарихи, анъаналари, урф-одатлари ва қонунчилиги бўйича дастлабки билимлар берилиб, касб-ҳунарга ўргатилади.

Бу ерда ўқитилаётган фуқароларда миллий маданиятимиз ва тарихий қадриятларимизга ҳурмат руҳини янада юксалтириш, улар онгига ватанпарварлик туйғуси, Ватанга муҳаббат ва меҳнатга масъулият билан ёндашишни чуқур сингдириш таълим тизинининг асосий мақсадларидан ҳисобланади. Ривожланиб бораётган қурилиш соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида ишлашни ўргатиш мақсадида таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларни, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини кенг жорий этиш тизими йўлга қўйилган.

Марказ учун ажратилган ижтимоий объектларда капитал таъмир ва реконструкция ишлари натижасида замонавий андозаларга асосланган 14 та ўқув ва амалиёт хоналари, 300 ўринли иккита ётоқхона, уч маҳал овқат пишириб бериш қувватига эга бўлган шинам ва кўркам ошхона, маънавият ва маърифат маркази, кутубхона ҳамда спорт зали барпо этилди.

Муассасада темир-бетон ишлари устаси, ғишт терувчи, электро-газ пайвандчи, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи-безакчи, сантехника ишлари устаси, электро-монтажчи, кўтарма кран бошқарувчисининг ёрдамчиси, қопловчи-плиткачи, пўлат ва темир бетон конструкциялар монтажчиси, гипсокартон монтажчиси, кран машинисти, том ёпувчи каби 14 та мутахассислик бўйича таълим-тарбия берилади.

Муҳандислик тармоқларини таъмирлашга ихтисослашган амалий машғулотлар устахонаси ҳар бир мутахассисликлар бўйича алоҳида жиҳозлар, керакли дастгоҳ ва ўқув буюмлари билан жиҳозланди.

Марказда таҳсил олувчилар олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлашлари учун 3 гектардан иборат бўлган ўқув полигони учун ер майдони ажратилган.

Муассасанинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ўқув жараёнларида фойдаланиш учун замонавий, сўнгги русумдаги 5 дона автобус, автокран, самосвал, эксковатор,юкловчи каби махсус техникалар ва автотранспорт воситалари, кўтариш кранлари ва ўқув тренажёрлари топширилди.

Марказда қурилиш соҳасидаги касблар бўйича ўқитиш World Skills каби халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда потенциал хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, хорижий, яъни рус ва бошқа тиллар бўйича ўқитиш етакчи маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Бу ўз навбатида битирувчиларга мутахассислиги бўйича жаҳоннинг энг илғор ва етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолиятларини давом эттириш имконини беради.   

Қурилиш соҳасида етук мутахассисларни сифатли тайёрлаш мақсадида марказга тажрибали ўқитувчилар жалб этилди. 

Тантанали маросим давомида меҳмонлар янгидан очилган марказда яратилган шарт-шароитлар, замонавий ўқув биноси, таълим-тарбия учун мўлжалланган ўқув хоналари ва маиший объектлари билан яқиндан танишишди.

Шу куни марказда таҳсил олиш учун махсус уст-бош кийимлар билан таъминланган 300 нафар фуқароларбилан илк ўқув машғулотлари бошланди. 

Тадбир сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси санъаткорлари ва Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият ато этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати 

    Бошқа янгиликлар