АсосийЖАМИЯТ

Тошкент шаҳар судлари раисларининг Шайхонтоҳур туманида ўтказган сайёр қабулида 14 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди (фото)

Тошкент шаҳридаги барча туманларда сайёр қабуллар ташкил қилган Тошкент шаҳар судлари раис...

'Тошкент шаҳар судлари раисларининг Шайхонтоҳур туманида ўтказган сайёр қабулида 14 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди (фото)'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги барча туманларда сайёр қабуллар ташкил қилган Тошкент шаҳар судлари раисларининг сўнгги манзили Шайхонтоҳур тумани бўлди. 

Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов томонидан мазкур туман фуқароларини қийнаб келаётган муаммолар ўрганилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари–фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари– иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисиМақсудбек Саидов ва фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судларнинг раислари ва судьялари қатнашди. Шунингдек, туман сектор раҳбарлари ҳам қатнашишди.

Сайёр қабулда жами 87 нафар фуқаро иштирок этди. Уларнинг мурожаатлари асосида 90 та масала юзасидан муаммолари ва уларни қийнаётган саволлар кўриб чиқилди. Шундан, 

  • 50 та мурожаат қаноатлантирилиб, ижобий ҳал этилди.
  • 34 нафар фуқарога эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
  • 3 та мурожаат назоратга олинди.

Мурожаатлари ижобий ҳал бўлган фуқаролар томонидан ҳатто 20 та миннатдорлик хатлари ва 18 та ташаккурнома ҳам келиб тушди.

Мурожаатлари тингланган фуқароларнинг: 

• 41 таси фуқаролик ишлари бўйича;

• 19 таси жиноят ишлари бўйича;

• 4 таси иқтисодий ишлар бўйича;

• 7 та маъмурий ишларга оид масалалар бўлди.

Сайёр қабулда фуқаролар уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш, мерос, алимент ундириш, кредит масаласи, бандликни таъминлаш – ишга кириш муаммоси, оталикни белгилаш, никоҳдан ажратиш, оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, паспорт олиш каби масалаларда ҳуқуқий тушунтириш ҳамда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Сайёр қабул давомида пробация назоратидаги 14 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди. 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2020 йил 15 январидаги ҳукмига асосан ЖКнинг 25, 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 62-моддаси тартибида 2 йил 10 ой 28 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган 28 ёшли йигит ҳам сайёр судда жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

— Бир дўстим “исталган машинани масофадан туриб очадиган универсал пульт бор”, дея қизиқтиргани учун шу пультни минг долларга сотиб олгандим. Бу маблағни ҳам аслида маҳалладошимдан қарзга олгандим. Бу пульт сотиб олган нархимдан анча қиммат туришини айтганида “қимматроққа сотиб, фойда оларканманда”, деган хаёл ўтганди. Муқаддам судланган бир танишим билан кўришиб, гаплашиб қолганимизда пульт ҳақида сўз очдим. Биргаликда катта супермаркетлардан бирининг ёнига бордик ва бир машина келиб тўхтади. Шеригимнинг ишорасига кўра пультни босдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай, қўлга олиндим...

Бу ишни қилишдан аввал ота-онам, оиламнинг шаъни ҳақида ўйладим. Бироқ нафс устунлик қилиб, “қўлга тушмайман”, деган фикрга енгилдим. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Қилмишимдан кераклича хулосала ҳам чиқардим. Нафсни тия билишни ўрганишимиз керак экан. Оилали, фарзандли бўлганим учунми ота-онам томонидан кўпроқ эркинлик берилганди, бу ишончни суиистеъмол қилиб қўйдим. Нечи ёшга кирмайлик барибир бола эканимиз ва масъулиятни ҳис қилиб туришимиз учун доим катталар назоратида бўлишимиз шарт экан. Қадам босишдан аввал етти ўлчаб бир кесадиган бўлдим. Бундан буён бировнинг ҳақига хиёнат қилмайман. 

Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган 9 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож аёлларга ва “Темир дафтар”га киритилган 1 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди. 

Наргиза Аюпова, “Аёллар дафтарига” киритилган: — Ёшим 53 да. Шайхонтоҳур тумани Гулбозор МФЙда яшайман. Қизилўнгач саратонига чалинганим боис 2019 йил II гуруҳ ногиронлиги берилган ва "Аёллар дафтари"га ҳам киритилганман. 1998 йил турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз, бир нафар ўғлим бор. Ўғлим ишлаш учун Туркияга кетган. Ота уйимда яшаб келаман, 2014 йилда уйимиз ёниб кетган. Субсидия асосида уй-жой олиш масаласида Тошкент шаҳар маъмурий суди раисидан ҳуқуқий тушунтириш олдим. Шунингдек, сайёр қабулда “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”га киртилганларга моддий ёрдам ҳам беришди. Эътибордан четда қолдиришмагани учун ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. 

Сайёр қабул доирасида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда 2 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 

4 нафар фуқарога эса суд қарори бўйича алиментдан қарздорлик тўлиқ ундириб берилди. 

20 нафар П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчиларига китоблар совға қилинди.

    Бошқа янгиликлар