Ижтимоий тармоқда кеча, 6 апрель куни соат 12:35 да Наманган шаҳрининг Уйчи кўчасида жойлашган 15-мактаб яқинида давлат рақами 50 Л200МА бўлган "Ласетти" автомашинаси ҳайдовчисининг жиддий қоидабузарлиги акс этган видео тарқалди.
Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидалари талабларига риоя қилмасдан, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб, пиёдалар ўтиш жойида мактаб ўқувчиларини уриб кетмоқчи бўлган.
Ушбу фактга биноан Наманган вилояти ИИБ ходимлари томонидан текширув ўтказилиб, ҳайдовчи аниқланди, дея хабар берди ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати.
Шундан сўнг, қоидабузар "Ласетти" ҳайдовчисига нисбатан БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланиб, автомобиль жарима майдонига жойлаштирилди
"Биз барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини ва ўзлари ва бошқаларнинг соғлиғи учун хавф туғдирмасликларини сўраймиз. Қоидабузарликка бефарқ қолмаган, қоидабузарга тегишли жазо тайинланишига ҳисса қўшган фуқароларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз", дейилади ЙҲХББ хабарида.





