Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига биноан “Ўзбеккино” миллий агентлиги номи бундан буён Ўзбекистон кинематография агентлиги деб қайта номланди.
Президент фармонига кўра, жорий йилдан бошлаб, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали мунтазам ўтказиб бориладиган бўлди. Кино санъати ва саноати вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмасини очиш, кинематография йўналишида таълим олаётган талабалар учун Худойберган Девонов номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш, “Олтин Хумо” миллий кино мукофоти тақдимотини ҳар йили ўтказиб бориш, “Кинематография фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш, Миллий кинематографияни ривожлантириш марказини очиш сингари вазифалар ҳам белгиланган.
Шунингдек, Мазкур фармон асосида қабул қилинган Президент қарорида ҳам кинематаография соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш юзасидан бир қатор янги тартиблар жорий қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Кинематография академияси, “Республика кинофонди” ДУК негизида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Ўзбекистон миллий кинофонди” давлат муассасаси, “Ўзбекфильм” ДУК негизида хусусий кинокомпанияларга фильм, мультфильм ва сериаллар яратиш бўйича хизмат кўрсатувчи “Ўзбекфильм” киноконцерни” давлат унитар корхонасини ташкил қилиш белгиланди. 2021-2022 йилларда миллий кинематография соҳасини ривожлантириш “йўл харитаси” тасдиқланди.








