Термизлик вояга етмаган қиз фожиаси, уни зўрлаган кимсанинг жазосиз қолаётгани ҳақидаги хабар жамиятимизнинг кучли ғазабига сабаб бўлди ва мен уларнинг қарашларини бутунлай қувватлайман, дея қайд этди Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева.
«Бу мавзу кўтарилганидан хурсандман, у шу каби жиноятлардан азият чеккан қизларга ўрнак бўлади. Бундай жиноятлар эътиборсиз, жазосиз қолмаслиги керак.
Бир йилдан ортиқ вақт давомида ота-она адолат излаб, норасида қизининг ҳаётини синдирган зўравонни жазолашни талаб қилди.
Жиноятчини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаганидек, Термиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини ҳам, умуман, оқлаб бўлмайди. ИИВ бу ҳолат юзасидан суриштирув-тергов ишларини ўтказишига ва Термиз ИИБ ходимлари жиноятни яширганлиги учун қонун олдида жавоб беришига умид қиламан. Менинг фикримча, бундай одамлар соҳада юзага келаётган адолатсизликларнинг асоси ва қўзғатувчисидир.
Жиноятчининг мансаби, ваколати ва алоқалари ҳеч қандай ҳолатда суд органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатли бўлишига таъсир кўрсатмаслиги лозим.
Қизчанинг ота-онасига сабр, ўзига эса куч тилайман. Бардам бўлинг, виждонини йўқотмаган барча сиз томонда!», деб ёзади Мирзиёева.