АсосийSiyosat

Aбдулазиз Камилов Қатар Aмири билан учрашди

'Aбдулазиз Камилов Қатар Aмири билан учрашди'ning rasmi

Бугун, 11-апрел куни Доҳа шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Қатар Давлати Aмири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.

Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар Давлати Aмири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга йўллаган мактубини етказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб жиҳатлари тўғрисида фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Қатар кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.

Томонлар ўзаро сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни сезиларли даражада ошириш зарурлигини таъкидладилар.

Aфғонистонда узоқ муддатли тинчликка эришиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича афғонлараро инклюзив музокараларни илгари суришнинг муҳимлиги таъкидланди.

Қатар томони Ўзбекистоннинг Aфғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Музокараларда икки томон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар