АсосийDunyo

Навоийдек улуғ зот ҳайкалини яратишни ҳар бир ҳайкалтарош орзу қилади – Жанубий Кореяда Алишер Навоий ҳайкали яратилмоқда

'Навоийдек улуғ зот ҳайкалини яратишни ҳар бир ҳайкалтарош орзу қилади – Жанубий Кореяда Алишер Навоий ҳайкали яратилмоқда'ning rasmi

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси билан ҳамкорликда Жанубий Кореяда ёдгорлик ва ҳайкаллар ясаш бўйича етакчи саналган «Malong Company» компанияси вакиллари билан буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкалини яратиш борасида амалий ишларни давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Элчихона ходимлари Хвасон шаҳрида жойлашган ушбу компанияга қарашли устахонада бўлиб, ҳайкалнинг яратилиш жараёни билан танишди. «Malong Company» вакилларига ҳайкалнинг меъморий безаклари ва дизайни, тагкурсидаги ёзувлар матни юзасидан тавсиялар берилди.

Айни пайтда ҳайкалнинг макети тайёр қилинган бўлиб, эндиликда уни бронзадан ясаш ишлари бошланади. Тагкурси учун оқ мармар танланган.

"Дунё халқлари адабиётининг буюк намояндаси Алишер Навоий сиймосини яратиш шарафига муяссар бўлаётганимдан жуда ҳам хурсандман. Чунки Навоийдек улуғ зот ҳайкалини яратишни ҳар бир ҳайкалтарош орзу қилади. Албатта, Навоий сиймосини унинг номи ва жаҳон адабиёти тарихида тутган мавқеига мос равишда шакллантириш осон иш эмас. Ҳар битта ҳайкални ясашда яратилаётган шахсни ўрганиш муҳим. Навоий ҳақида кўп эшитганман. Унинг сиймосини яратиш учун буюк шоир шахсиятини чуқур ўрганиб, кейин иш бошладим. Мен бор маҳоратимни ишга солиб, бу тарихий шахс ҳайкалини яратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим",– дейди Жанубий Кореядаги етакчи ҳайкалтарошлардан бири Парк Кёнг Дал.

Парк Кёнг Далнинг маълум қилишича, Алишер Навоий ҳайкали май ойининг бошларида тайёр бўлади.

Бошқа янгиликлар