Аввалроқ, Намангандаги каналдан 5-синфда ўқийдиган қизнинг жасади топилгани, уни сувга келинойиси итариб юборгани ҳақида хабар берилган эди.
Олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида қизалоқни амакисининг хотини нима мақсадда итариб юборгани аниқланди. Бу ҳақда "Замон" дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 5 апрель куни Чортоқ туманидаги 47-мактабнинг 5-синфида ўқийдиган Маърифатни амакисининг хотини 2-соат дарси тугаганидан сўнг олиб кетган. У қизалоқни Чортоқ туманидан оқиб ўтувчи катта Наманган каналига олиб бориб, итариб юборган. У бу ишни нима мақсадда қилгани ҳақида келиннинг қайнонаси очиқлади:
"Келинларим ўртасида гап-сўз, жанжал бўлмаган, у келинимни ўғлим билан алоҳида чиқарган эдик. Олдимда яна икки келиним туради. Аввалроқ ўша келиним ўғрилик қилиб қўлга тушган эди, шундан кейин ўғлим, "мен ўғри аёл билан яшамайман" деб ажрашмоқчи бўлди. Биз кечир уни бир сафар десак ҳам, у билан ортиқ яшашни хоҳламади. Натижада шундан ғазабланган келин неварамни чўктириб аламини олган", дея йиғлайди марҳуманинг бувиси.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган.






