Самарқанд вилояти Ургут туманида масъуллар томонидан “Терсак” туризм қишлоғини ташкил этиш бўйича маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди.
Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 13-августдаги ПФ-5781-сонли Фармони ижроси йўлида амалга оширилмоқда. Учрашувда вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти директори Дилшод Нарзикулов ҳамда Халқ депутатлари Ургут туман кенгаши депутати Қ.Хасановлар томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 2-апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5048-сонли қарори юзасидан олиб борилиши режалаштирилган ишлар ҳамда туризм қишлоғи, туризм хизмат кўрсатиш обектлари, меҳмон уйлари ва ҳунармандчилик устахоналарини ташкил этишга доир қўйиладиган зарур талаблар, ҳукумат томонидан белгиланган турли имтиёзлар тўғриисида батафсил маълумот берилди.
Вилоятга ташриф буюрадиган меҳмонларга хизмат кўрсатувчи этно, агро, эко, тоғ туризми ҳамда маданий-тарихий ва маҳорат дарслари обектларини ташкил этиш юзасидан ҳудуд аҳолиси салоҳияти етарли эканлиги борасида сўз юритилди. Учрашувларда мутасадди ташкилот вакиллари томонидан 40 га яқин хонадон соҳибларининг кредит, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, давлат хизматларидан фойдаланиш, солиқ, йўл инфратузилмасини яхшилаш, электр-энергия ҳамда мобил алоқа сифатини яхшилашга доир муаммо ва таклифлари юзасидан биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ургут туманининг Қоратепа сув омбори ҳудудида ташаббускор томонидан ташкил этилаётган лойиҳа қиймати 2 млн. доллар миқдоридаги туризм рекреацион зонасида меҳмонларга янада қулайлик яратиш мақсадида кемпинглар қуриш ишлари бошлангани ҳамда белгиланган муддатларда ишга туширилиши таъкидлаб ўтилди.