АсосийSport

Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги бошланди(фото)

'Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги бошланди(фото)'ning rasmi

Кеча, 16 апрель куни Тошкентдаги Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги бошланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлигининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Регламентга мувофиқ, бугун саралаш баҳслари ўтказилди.

Халқаро гимнастика федерацияси тақвим режасидан ўрин олган ҳамда Олимпия ўйинларига йўлланмалар тақдим этадиган 4 босқичдан иборат Жаҳон кубогининг иккинчи босқичи айнан Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Унда сайёрамизнинг 30та давлатидан келган энг сара гимнастика усталари ғолиблик учун баҳс олиб боришмоқда.

Жаҳон кубогининг биринчи босқичи 24-29 март кунлари Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтди. Иккинчи босқич 13-19 апрель кунлари Тошкентда ўтказилса, 5-10 май кунлари дунёнинг етакчи бадиий гимнастикачилари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўзаро мусобақалашади. Ниҳоят Жаҳон кубоги баҳсларига 26-31 май кунлари Италиянинг Песаро шаҳрида якун ясалади.

Тошкент гиламлари ва умуман Жаҳон кубоги церийасида шахсий кўпкураш бўйича квоталар 2019 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмаган ва уч турда максимал балл тўплаган энг яхши уч нафар гимнастикачига тақдим этилади. Бунда ҳар бир мамлакат учун максимал битта йўлланма берилади. Жаҳон кубогида Токиода ўтадиган Олимпия ўйинларига аллақачон йўлланмани қўлга киритганлар ҳам ўз омадини синаб кўришлари мумкин. Улар учун бу мусобақа ўз имкониятини синаб кўриш вазифасини ўтайди.

Дунё гимнастикаси юлдузлари Дина ва Арина Аверина (Россия), Боряна Калаин (Болгария), Лина Ашрам ва Никол Зеликман (Исроил), Анастасия Салос ва Алина Гарнаско (Белорус), Кахо Минагава (Япония) каби 30та давлатнинг энг кучли гимнастикачилари шахсий биринчиликда ўзаро мусобақалашса, 12та гуруҳ жамоавий машқларда иштирок этади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон терма жамоаси қизлари ҳам ўз омадини синаб кўришади. Афсуски, бу йўналишда Олимпия ўйинлари йўлланмалари ўйналмайди.

Бугун кечки дастурда Жаҳон кубоги баҳсларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон гимнастика федерациясининг мутасаддилари иштирок этди. Мусобақани МОҚ раиси Р.Шоабдураҳмонов очиб берди.

Мусобақа 18 апрель куни якунланади ва шу куни Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар ҳам аниқланади.

    Бошқа янгиликлар