Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги парламент делегациясининг расмий ташрифи доирасида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботиржон Асадов, Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари, Санкт-Петербургда яшовчи ватандошларимиз иштирок этди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, мамлакатимиз фуқаролари бўлмиш меҳнат мигрантларини мунтазам қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш, хорижда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш тўғрисида батафсил ахборот берилди. Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудларида бош консулликлар очилгани, шунингдек, Ўзбекистонда паспорт-виза хизмати ишга туширилгани кўпчилик фуқароларимизга кўплаб муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бермоқда. Коронавирус пандемияси даврида ватандошларимизга ёрдам кўрсатиш ҳақида сўз юритилди.

Россия томони меҳнат мигрантларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳукуматлараро келишувларни амалга ошира бошлагани қайд этилди. МДҲ ПАнинг баҳорги сессияси доирасида меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Парламент юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева ва РФ Федерация Кенгаши Раиси ўртасидаги учрашув вақтида улар миграцияни тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштиришга келишиб олдилар.

Бугун Россия Федерациясидаги бош консулхоналар ходимлари ватандошларимиз билан алоқа ўрнатган, улар билан мунтазам учрашув ўтказмоқда ва зарур ёрдам кўрсатмоқда. Учрашув давомида сўзга чиққанлар нафақат буюк ўзбек ёзувчиларининг нодир ва севимли асарларини, балки мамлакатимизда чоп этилган газета ва журналларни ҳам она тилимизда ўқиш, миллий ҳунармандчилик, санъат ва маданиятни тарғиб қилиш борасида ўз таклифларини билдирди
Ёшлар ва гендер сиёсатини амалга ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга тегишли тиббий хизматлар кўрсатиш ва доимий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонасида ва консуллик идораларида Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш масалалари кўтарилди. Қолаверса, миграция қонунчилигини мақбуллаштириш, рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, меҳнат фаолияти учун патент олиш, мамлакатлар ўртасида транспорт алоқаларини тўлиқ тиклаш, Россияда яшайдиган, ишлайдиган ёки ўқиётган ватандошларимизнинг фарзандлари зарур билим олиши зарурлиги таъкидланди, шунингдек бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар пандемия даврида зарур ёрдам кўрсатилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдириб, Россияда халқимизнинг тарихий ва маданий мероси, миллий қадриятлари, анъаналари ва урф-одатларини оммалаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди, иштирокчилар ўзларининг фикр ва таклифлари билан ўртоқлашдилар, шунингдек, Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги парламент делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи ниҳоясига етди.







