АсосийЖАМИЯТ

Йиллар давомида инглиз тили дарси ўтилмаган Навоийдаги олис мактабга ўқитувчи бўлиб келган бухоролик эр-хотинга “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони топширилди

Бу ҳақдаги хабарни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали...

Бу ҳақдаги хабарни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали улашди

"1,5 ставка дарс соати олган, олий ёки биринчи тоифали CЕФРга эга инглиз тили ўқитувчиси олис ҳудуддаги қизил мактабда таълим берса ойлиги 10 миллионга етиши билан бирга, йиллар давомида инглиз тили ўқитувчиси бўлмаган шундай мактаблардаги ўқувчиларнинг келажагига жуда катта ёрдам бўлиши аниқ.

Нуробод туманининг олис ҳудудида йиллар давомида инглиз тили дарси ўтилмаган қизил мактабга бухоролик эр-хотин инглиз тили ўқитувчилари келгани ушбу мактаб ўқувчилари учун таълим сифатини оширишга кўмак беришни бошлаганини гувоҳи бўлиб, уларга миннатдорчилик сифатида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини топшириб келдик. Шундай фидоий ўқитувчиларимиз кўпайса, албатта, таълим сифати паст мактабларда ҳам ижобий ўзгаришлар тезроқ бўлади.  

Шунингдек, Нуробод туманининг олис ҳудудларига бориб ишлаётган бошқа қатор, асосан ёш ўқитувчилар билан ҳам учрашдик. Улар ҳам ўзлари туғилиб ўсган маҳаллаларини ташлаб, Нурободга келиб дарс ўтишмоқда. Тошкент шаҳрининиг Чилонзор туманидан ҳам келган ўқитувчи бор экан. Уларнинг деярли ҳаммаси 1,5 ставкадан дарс соатларига эга бўлишибди. Чунки вакант соатлар анчагина.

Aлбатта, янги ташаббус ишлаб кетишига вақт талаб этилади, шунинг учун биринчилардан бўлиб ўзига қулай шароитни, маҳалласини ташлаб бошқа ҳудудга бориб ишлашга қарор қилган бундай ўқитувчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва келгусида шу каби ният қилиб борадиган ўқитувчиларга қўшимча қулайлик яратиш учун “Янги Ўзбекистон Устозлари” лойиҳаси орқали уларни марказлашган равишда ҳужжат топширишлари учун имконият яратиб, мурожаатлар учун телефон ҳам ишга туширдик. Сабаби янги жойга кўникиб кеткунларига қадар жойларда анча муаммолар ҳам юзага келиши мумкин. Марҳамат, таълим сифати паст бўлган мактабларнинг рўйхати ва ваканцияларини кўриб, онлайн ҳужжат топширишингиз мумкин (улар фақат олис ҳудудлардагина эмас): www.ustozfondi.uz  

Олис ҳудудлар рўйхати тасдиқланган қарор: https://lex.uz/docs/4367859

ПС. Ушбу олис ҳудуддаги мактаб ҳақида тўлиқроқ тасаввур бўлиши учун атрофидаги ҳудудлар расмларини ҳам кўрсангиз бўлади. Мактабга Самарқанд шаҳридан деярли 3 соатда бордик. Ўқувчилари сони кўпайгани учун мактабга қўшимча бино ва спортзал ҳам қуриш керак, лекин ҳозирги кундаги энг яхши сармоя айнан малакали ўқитувчиларни келиши бўлди", - дея ёзиб қолдирган вазир. 

    Бошқа янгиликлар