АсосийЖАМИЯТ

Самарқанддаги "меҳмонхонаси", "ресторани" ва "музейи" бор университет (фоторепортаж)

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан журналистлар учун Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқ...

'Самарқанддаги "меҳмонхонаси", "ресторани" ва "музейи" бор университет (фоторепортаж)'ning rasmi

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан журналистлар учун Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм университетига пресс-тур уюштирилди. 2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ташкил этилган универститет ҳақида кўпчилигимиз тасаввур ва маълумотларга эгамиз. Бу мавзуга яна нега қайтаётганимизни эса мақолани ўқиб билиб оласиз. 

Университет ҳақида

Самарқанд шаҳридаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг «ақлли кампуси» биноси. Барча шароитларга эга, кишида бу ерга келиб ўқиш истагини уйғотиб юборадиган универститет уч асосий йўналиш — коммуникация, иқтисодий ва гуманитар фанларни бирлаштирган ҳолда туризм соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича йўналишларда таълим олиш имкониятини беради.

Бакалавриатнинг кундузги таълим дастури 20 дан ортиқ йўналишни ўз ичига олади: Туризм соҳасида маркетинг, Туризм (фаолият йўналишлари бўйича: рақамли туризм), Туризм соҳасида лойиҳалаштириш, Туризм соҳасида логистика, Оммавий тадбирлар менежменти, Гид-экскурсовод, таржима фаолияти ва бошқалар. 

Шунингдек, мазкур университетда 2019 йилдан бошлаб «3+1» бакалавр таълимининг қўшма дастури амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, олйигоҳ Guilin Tourism университети (Хитой), Logistic High School (Чехия), Jakarta Sahid Polytechnic (Индонезия), Суракарта туризм Саҳид институти (Индонезия) каби жаҳон университетлари билан «икки диплом» дастури доирасида шартнома тузган. 

Ўзига хос

Бизни ҳаммасидан ҳам кўпроқ қизиқтиргани университетдаги амалиёт “зона”лари бўлди. Бу ерда:

  • Ресторанлар столларини тузатиш – “сервировка”;
  • Меҳмонхона хизматларини кўрсатиш – қабул (“reception”), хона хизматлари учун махсус амалиёт ҳудудлари барпо этилган.

Шунингдек, универтисетга киришингиз билан сизни “Буюк ипак йўли”нинг Марказий Осиёдаги рамзи бўлган “Чой” саҳнасини ифодаловчи безатилган хонтахта қарши олади. Ўзбек либослари галереяси эса сизда университетда эмас, музейда юргандек тасаввур уйғотади.

Пресс-тур сабаби эса...

Университетда янги кутубхонанинг ташкил этилиши пресс-турнинг асосий сабаби, десак бўлади. 10 мингдан ортиқ босма, 1000 дан зиёд электрон китобларни ўзида жамлаган кутубхонада туризм, маданий мерос, тарих, ҳунармандчилик, археология ва маданият тўғрисидаги китоблар ўрин олган. Бу тематик китоблар кутубхонаси талабаларнинг ўз соҳа ва мутахассисликлари бўйича билимларини оширишларида асос, таянч ва кўмак вазифасини бажаради. 

Азиз Абдуҳакимов, Туризм ва спорт вазири:

— Республикамизда ҳаттоки, энг чекка ҳудудлар, туман ва қишлоқлар ҳақида ҳам юзлаб китоблар нашр қилинган. Лекин республика миқёсида уларнинг бир жойда жамланганини кузатмайсиз. Биз эса шунга эришдик. Бу ерда турли давлатлардан келитирилган тематик китоблар қаторида айнан бир ҳудуд, туман ёки қишлоқ ҳақида ҳикоя қилувчи китобларни ҳам кўришингиз мумкин. Бу кутубхонанинг ютуқларидан бири десак бўлади. 

Шунингдек, вазир бу ерга ўз шахсий кутубхонасидан ҳам китоблар тақдим этганини айтади. 

Суратлар муаллифи Камил Еникеев

 

Сардорбек Раҳмонқулов

Тошкент-Самарқанд-Тошкент

    Бошқа янгиликлар