АсосийЖАМИЯТ

Шаҳарликка айланган сардобаликлар. Улар бугун нимадан тирикчилик қилишмоқда?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод...

'Шаҳарликка айланган сардобаликлар. Улар бугун нимадан тирикчилик қилишмоқда?'ning rasmi

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқ олтин туманларига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Мазкур туманларда истиқомат қиладиган аҳолининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги тармоқларида ишлаб даромад қилиб келган. Бу ерларда шаҳарлаштириш бошлангач, аҳолининг турмуш тарзи билан бирга даромад манбаи ҳам ўзгараётгани бор гап. Пресс-турнинг мақсади ҳам шу бўлди. Барчамиз учун таниш, қадрдон ва азиз бўлган Сардоба, Мирзаобод ва Оқ олтин туманлари аҳолиси бугун нима билан тирикчилик қилишмоқда? Бу борада уларга қандай шароитлар яратилган?

Косибликдан ишлаб чиқаришгача

Биринчи манзилимиз Сардоба тумани бўлди. Туманда ташкил этилган поябзал ишлаб чиқариш корхонаси таъсисчиларидан бири Ёрбек Мавлоновнинг айтишича, уч ака-укалар 2017 йилгача оёқ кийим таъмирловчи уста бўлиб тирикчилик қилишган. 2017 йилдан бошлаб улар кичик бўлса-да, оёқ кийим ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган. Бугунги кунда "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари"га киритилган ёшлар ва хотин-қизлардан иборат 51 нафар ишчилар (улар 800 минг-1 млн. сўм атрофида ойлик маош олишади) ва “1+1” дастури асосида 10 нафар шогирдлар корхонада фаолият юритиб келишади. Корхона туман марказидаги ташландиқ бинода ташкил қилинган. Бу ерда ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари амалга оширирилиши билан бирга, бинонинг 1-қаватида поябзаллар шоу руми ҳам бор. Бу ерга келиб исталган оёқ кийимига буюртма беришингиз ва ҳаттоки, ўзингиз севган, лекин эскирган оёқ кийимингизнинг нусхасини ҳам тайёрлаб беришлари учун буюртма қилишингиз мумкин экан. Сифат кафолатланар экан. Оёқ кийимлар нархи 90 минг сўмдан 1 млн. сўмгача баҳоланган. 

“Бир ой банкда “яшаганман”...”

Муаммолар ҳақида сўраганимизда, Ёрбек Мавлонов ишлаб чиқаришни бошлашга 90 млн. сўм кредит маблағини олиш учун роса банк эшигини пойлаганини, бир ой банкда “яшагани”ни айтади. Бугунги кунда эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўмаги билан ҳар бир ҳодим учун 2 млн. 450 минг сўмдан субсидия ажратилиши ҳисобига 51 иш ўринли ишлаб чиқариш кооперативи ташкил қилинган (Бу 120 млн. сўмдан зиёд қайтарилмайдиган маблағ, демакдир).  Бу йилда ишчилари сонини яна 100 нафарга ошириш режалаштирилган. 

Деярли ҳар бир уйда иссиқхона

Мурод Муҳаммадиев, Сирдарё вилояти Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси бошлиғи:

— Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқ олтин туманларидаги тошқиндан талафот кўрган 11 та маҳаллалардаги 1840 та хонадонларнинг 1800 тасида 1 сотихли иссиқхона қуриб берилган. Бу хондаон эгалари учун катта даромад олиб келмаслиги мумкин. Лекин талафотдан сўнг бу ерликлар учун даромаднинг ҳар қандай шаклида ёрдам қилиниши зарур эди. Ҳозир турли кўкатлар, лимон, помидор ёки бодринг экиб, даромад қилаётган оилалар бор.

Шунингдек, мазкур туманларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ўнлаб янги корхоналар, паррандачилик фермалари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу корхоналарга юзлаб хотин-қизлар (асосан) қамраб олинган. Бу каби корхоналар фаолияти учун кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан ҳам жой ажратилган.

Мирзаобод туманида эса ёшларни касб-ҳунарга ўргатувчи кичик моно-маскан фаолият юритаётган бўлиб, бу ерда қандолатчилик, аёллар ва эркаклар соч турмаклари бўйича ўқувчиларга касб ўргатилади. 


Сардорбек Раҳмонқулов

Тошкент-Сардоба-Мирзаобод-Оқ олтин-Тошкент

    Бошқа янгиликлар