АсосийЖАМИЯТ

"Бу боғда додам қўшиқ айтаётиб жон берган". Дубайга кетган Алишер Узоқов Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллади (видео)

Актёр, режиссёр Алишер Узоқов ҳозирги кунда Дубай шаҳридаги халқаро ИТ компанияда фао...

'"Бу боғда додам қўшиқ айтаётиб жон берган". Дубайга кетган Алишер Узоқов Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллади (видео)'ning rasmi

Актёр, режиссёр Алишер Узоқов ҳозирги кунда Дубай шаҳридаги халқаро ИТ компанияда фаолият юритмоқда. Журналист Феруз Муҳаммад  актёр билан Дубайда эксклюзив интервью уюштирди.

Суҳбат жараёнида Алишер Узоқов  хушовоз хонанда, халқ ҳофизи бобоси Маъмуржон Узоқовни хотирлади. Бир пайтлар Марғилон миллий истироҳат боғи бобосининг номида бўлгани, кейинчалик боғдан Маъмуржон Узоқовнинг номи олиб ташлангани унга жуда қаттиқ таъсир қилганини айтди. У ўша боғда Маъмуржон Узоқов номи билан ўтказилган катта фестивалларда Оролмирзо Сафаров, Шуҳрат Қаюмов, Дилнура Қодиржонова каби ёш ижодкорларнинг мақом йўналишидаги маҳоратлари кашф этилганини фахр билан ёдга олди. 

Актёр вазиятдан фойдаланиб Президентга мурожаатини йўллади. 

" – У боғдан айнан нима сабабдан Маъмуржон Узоқовнинг номларини олиб ташлаб, уларнинг ўрнига Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг номи берилганини билмайман. Эркин Воҳидовдек инсонлар 100 йилда ҳам туғилмаса керак, охиратлари обод бўлсин, илоҳим, уларга ҳеч қандай хусуматим йўқ, ҳурматим чексиз.

Лекин бир нарса борки, Маъмуржон Узоқов ўша боғда қўшиқ айтиб турганида жон берганлар. Маъмуржон Узоқов Марғилонда туғилиб, Марғилонда 59 ёшларида вафот этганлар. Маъмуржон Узоқов ўша боғда жон берганларида Шукур Бурхоновнинг тиззаларига тушганлар. Ўша пайтларда Маъмуржон Узоқовга соғлиги тўғри келмагани учун шифокорлар қўшиқ айтишни тақиқлаганди.

Балки бу нарса бобомнинг охиратлари учун хизмат қилмас, лекин шу боғнинг бобомнинг номига қайтариб берилишини жуда хоҳлардим. Шуни илтимос қилиб қоламан", – дейди актёр.

 

Унинг айтишича, Маъмуржон Узоқовнинг қизи Марғилон миллий истироҳат боғига яна отасининг номини берилишини сўраб шаҳар ҳокимлигидан то Маданият вазирлигигача борган, бу йўлда жуда кўп ҳаракат қилган. Аммо, бу ҳаракатлари бесамар бўлган.

Эркин Воҳидов — ўзбек шоири ва жамоат арбоби. Замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан бири. Маъмуржон Узоқов – ўзбек мақом санъатининг дарғаларидан бири. У «Кўзларинг», «Сайдинг қўябер сайёд», «Келдим», «Шайдо бўлибман», «Мустаҳзод», «Шўх жононим менинг», «Насиҳат», «Парво этиб кет», «Айрилмасин», «Кўзим шаҳлога тушди», «Қачон бўлғайким», «Томон келадур», «Доғман» каби халқ қўшиқларини, катта ашулаларни яратган. Ҳақиқий санъат мухлислари иккисининг ҳам ижод намуналарини мароқ билан мутолаа қилади, тинглаб, завқ олади. Шу ерда бир савол туғилади. Боғ номини бир дарғанинг номидан олиб иккинчисининг шарафига бағишлашдан кимга нима наф эди ё ном бергани бошқа объект топилмадими? 

    Бошқа янгиликлар