АсосийЖАМИЯТ

Нукус: қасамёд қилган йигитларга Президент совғаси ва қўмондон табрикномаси топширилди (фото)

2021 йил муддатли ҳарбий хизматни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ўз йигитлик бурчи...

2021 йил муддатли ҳарбий хизматни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ўз йигитлик бурчини ўташ учун келган 900 нафарга яқин ёшлар юртимизни ҳимоя қилишга аҳд қилиб, Ватанга қасамёд қабул қилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берммоқда. 

Шу муносабат билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбарияти, Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.

Тантанали марш садолари остида майдонга Жанговар байроқ ва Мудофаа вазирлиги байроғи олиб кирилди. 

Шундан сўнг янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар карантин қоидалари ва ижтимоий масофаланиш тартибларига риоя этган ҳолда она юртимизнинг сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунча ҳимоя қилишга онт ичиб, Ватанга қасамёд қабул қилишди. 

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мадҳиялари янгради.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Ўзбекистон Респуликаси мудофаа вазирининг аскарларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Айтиш жоизки, Ватанга қасамёд ҳар бир ватанпарвар, юртсевар йигитнинг ўз Ватани ва халқига бўлган меҳру муҳаббати, садоқатининг ёрқин ифодасидир.

“Бугунги кун аскари – ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг фахри ва ғуруридир. Барчангиз “Ватан ҳимоячиси” деган юксак мақом эгаси сифатида ота-онангиз, яқинларингизни фахрланиш тимсолига айландингиз.

Хизматингиз давомида Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳасининг бой миллий тарихий меросини чуқур ўрганиб, ҳарбий касбни мустаҳкам эгаллаб, профессионал кўникмангизни ва билим савиянгизни доимо ошириб боришингизни сўрайман”, – деди полковник Ф. Шерматов ўз нутқида.

Таъкидлаш жоизки, пандемия билан курашиш, Коронавирус юқумли касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда карантин қоидалари кучайтирилгани сабаб, тантанали тадбирда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок эта олмади. Шу муносабат билан қўмондон аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этмагани учун йигитлардан ҳафа бўлмасликни сўради. 

Шунингдек, сўзга чиққанлар йигитларни ҳаётида бир марта бўладиган унутилмас кун муносабати билан табриклаб, уларга юксак ишонч билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг аскарларга совғаси сифатида тақдим этилган “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” китоблари йигитларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга замин яратади. Ҳар бир аскарга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг йўллаган номма-ном табрикномаси, аскарларда Ватанга қасамёд маросими ҳақида илиқ таассуротларнинг бир умрга муҳрланишини таъминлади.

Тадбир давомида яқиндагина Қуролли Кучлар сафларига келган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қурол билан кўргазмали саф ва қўл жангининг мураккаб элементларидан иборат бўлган  чиқишлар намойиш этилиб, олқишларга сазовор бўлди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан миллий куй ва қўшиқлар тантанага байрамона руҳ бағишлади.

Тантанали тадбирдан сўнг ор-номусини ўртага қўйиб, қасамёд қилган аскарлар шарафига байрамона дастурхон ёзилди.

 

    Бошқа янгиликлар