АсосийJamiyat

Ўзбекистонлик талаба томонидан қутқарилган япон ўспирини "Тик-ток" учун ўзини сувга отган

'Ўзбекистонлик талаба томонидан қутқарилган япон ўспирини "Тик-ток" учун ўзини сувга отган'ning rasmi

Аввалроқ, Японияда ўзбекистонлик талаба чўкаётган ўсмирни қутқариб қолгани ҳақида хабар берган эдик. 

Японияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба Элдор  Ўринбоев  «Дунё» АА мухбири билан онлайн шаклда суҳбатлашди.

– Мен Жиззах вилоятида 2000 йилда туғилганман, – деди у. – Ҳозир Окинава префектурасидаги Гинован шаҳрида тил мактабида таҳсил олаяпман. Дарслардан бўш пайтимизда дўстим билан денгиз соҳили бўйига айланишга борган эдик. Сузиш тақиқланган жойда бир япон боласи чўкаётганини кўриб қолиб, дарҳол унга ёрдам беришга ошиқдим ва уни қутқаришга эришдим. Ҳозир ўспириннинг аҳволи жойида, у ҳеч қандай зарар кўрмади.

У боладан кимлигини сўраганимда, тик-токер экани маълум бўлди. Ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига видео тасвир қўйиш мақсадида денгизга ўзини отган экан. Лекин денгиз сувининг совуқлиги ва сузиш қийинлиги учун вазиятни бошқара олмаган.

Тенгдошларимга ижтимоий тармоқларда лайк тўплаш учун ўз ҳаётини хавфга қўйиб, бундай ишларни қилмаслигини маслаҳат берган бўлардим. Бундай нохуш воқеалардан, айниқса, ота-оналаримиз қаттиқ жабр кўради.

Мен Японияда ўқишни давом эттириб туризм соҳасида етук мутахассис бўлишни орзу қилаяпман. Келажакда ушбу йўналишда Ўзбекистон ва Япония алоқаларининг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

Ўзбекистон эчихонаси маълумотига кўра, ушбу воқеа ҳақида хабар тезлик билан бутун Япония бўйлаб тарқалди. Япониялик кўплаб кишилар ижтимоий тармоқларда юртдошимизнинг қаҳрамонлигини эътироф этиб, ўз миннатдорлигини изҳор қилди.

Бошқа янгиликлар