Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги “Самарқанд шаҳрида 2019-2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида”ги 415-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Бозорова (халқ тилида пиво завод) кўчасининг Мирзо Улуғбек кўчаси кесишмасидан Навоий шоҳ кўчаси кесишмасигача бўлган қисмида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан Самарқанд шаҳар ҳокими фармойиш қабул қилди. Унга кўра, эртадан бошлаб Бозорова кўчасининг қурилиш ишлари олиб бориладиган қисмида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар қилди.
"Эслатиб ўтамиз, ушбу кўчада қурилиш ишлари жорий йилнинг май ойи давомида тўлиқ олиб борилиши ва кўча замонавий қиёфага кириши режалаштирилган бўлиб, ёғингарчиликнинг юзага келиши ишларнинг узайишига сабаб бўлиши мумкин", - дейилади хабарда.