АсосийJamiyat

Давлат солиқ қўмитаси Расул Кушербаевни судга берди

'Давлат солиқ қўмитаси Расул Кушербаевни судга берди'ning rasmi

Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Кушербаев Расул Хидралиевич устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди.  Бу ҳақда қўмита расмий сайтида эълон қилинган.

Бунга Р.Кушербаевнинг «HUMAN UZ» ахборот порталидаги “Сўз блогерларга” кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб бўлган.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ва кечирим сўраши кераклиги белгиланган.  

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99, 100, 1021 ва 1022-моддалари ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 33, 189 ва 191-моддаларига асосан жавобгар Кушербаев Расул Хидралиевич давлат солиқ хизмати органлари ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим.  

Шунингдек, жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 млрд. сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилади.  

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар