Кеча, 27 апрель куни Россия Федерацияси Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги делегация Бухорога келган. Ташриф доирасида икки мамлакат мудофаа идораларининг раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилдиган.

Маълум қилинишича, Учрашув давомида Сергей Шойгу Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмни мағлуб этишдаги Ўзбекистон халқининг ҳиссаси тўғрисида архив ҳужжатлари тўпламини топширган.
“Бизнинг учрашувимиз 1941-1945 йилларда бўлган урушда эришилган Ғалаба куни арафасида бўлиб ўтмоқда. Ўзбек халқи ушбу буюк ғалабага катта ҳисса қўшган. Бу архив ҳужжатлар тўпламида яққол акс этган”, – деди Россия мудофаа вазири.



Учрашувда халқаро ва минтақавий хавфсизлик, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Ташрифнинг иккинчи кунида ҳам делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Жумладан, меҳмонлар дастлаб Бухоро давлат музей-қўриқхонаси тизимидаги Арк қўрғонини бориб кўришган.




Меҳмонларга Арк қалъаси тарихи ҳақида аниқ ва асосланган тарихий манбалар, шунингдек, вилоят ўлкашунослик музейидаги ноёб, нодир ашёлар тўғрисида маълумотлар берилган.


Бундан ташқари, вилоят мусиқали драма театри, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси жамоаси томонидан тайёрланган театрлаштирилган тарихий мусиқий композиция намойиш қилинди. Меҳмонлар миллий Бухоро рақсини мароқ билан кузатишган.


Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган Сомонийлар мақбараси, Пойи Калон, Минораи Калон меъморий мажмуалари, Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжидидан кейин Ўрта Осиёдаги иккинчи энг катта масжид — Масжиди Калон, Мир Араб мадрасаси меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирган.






“Тоқи саррофон”, “Тоқи телпакфурушон”, “Тоқи заргарон” расталари билан ҳам яқиндан танишув уларнинг ҳайратини оширган.


Маҳаллий ҳунармандлар билан учрашиб, уларнинг миллий маҳсулотларига юксак баҳо беришган.








Меҳмонлар ўз навбатида, қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрига саёҳат қилишдан мамнун эканликларини билдирган.






