Бугун 28-апрел куни Тошкент шаҳрида “Зиёрат туризмини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Ўзбекистон Президенти томонидан жорий йилда 1,7 млн. хорижий, 7,5 млн. маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 млн. долларга етказиш вазифаси топширилган. Қайд этиш керакки, бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид 784 зиёратгоҳ, насронийлик динига оид 19 ҳамда буддавийликка оид 8 маданий мерос обекти мавжуд. Бу имкониятдан фойдаланиб, жорий йилда 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 млн. долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин”, - деди Азиз Абдуҳакимов.

2020-йилнинг 9-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида зиёрат туризмини ривожлантиришга доир вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, 2021-йилнинг 9-февралида қабул қилинган“Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига биноан, қулай ички ва халқаро зиёрат туризм муҳитини яратиш, юртимизнинг зиёрат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган.

2021 йилда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этиладиган тадбирлар, Мир Араб мадрасаси ташкил этилганлигининг 500 йиллигига бағишланган халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари, Термизий уламоларнинг ислом тамаддуни ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига оид анжуманга тайёргарлик ишлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, халқаро форум доирасида Франция, Малайзия, Россия, Озарбойжон каби хорижий мамлакатлар мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, хориж тажрибаси ҳамда Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга оид фикрларини баён этишди.

Жорий йилда вилоятлар кесимида зиёратгоҳларнинг тарғиботи учун жами 1,1 млрд сўм, хорижий давлатларда мамлакатимизнинг зиёрат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун 6 млрд сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, қатор янги маҳаллий ва хорижий йўналишларда авиапарвозлар ва темир йўл қатновларини йўлга қўйиш режалаштирилди.
Бундан ташқари, 2020-йилдан бошлаб CОВИД-19 пандемияси билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, хусусий сектор субектларига бир қатор имтиёзлар ва преференсиялар тақдим этилди.






