Баҳорнинг энг гўзал ҳодисаси — “Namangan Flowers – 2021” тез кунларда ўз юбилейини узоқ кутилган фестиваль билан нишонлайди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Фестиваль халқаро даражада ўтказилиши кутилмоқда. Флорист ва ландшафт дизайнерлар ўз меҳнат маҳсулларини намойиш қилиш имконини берувчи ушбу тадбирга катта тайёргарлик кўришмоқда.
Гуллар фестивали ҳар йили кенг қамровда ўтказилиб, унга дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонлар қизиқиш билдиришади. Ҳар йили байрам тадбирида иштирок этиш учун Жанубий Корея, Россия, Туркия, Нидерландия, шунингдек Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби қўшни мамлакатлар меҳмонлар таклиф қилинади.
Фестивални оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун нафақат маҳаллий ОAВ вакиллари, балки хорижий ОAВ вакиллари ҳам жалб этилади. Туркия, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Россия Федерацияси ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ОAВ вакиллари шулар жумласидандир.
Гуллар фестивали ҳудудда туризм соҳасини ривожлантириш, Наманган вилояти жозибадорлигини ошириш, шунингдек маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар билан барқарор алоқалар ўрнатиш йўлида хизмат қилади. Бу Наманган вилоятининг туристик салоҳиятини дунёга намойиш қилиш учун ажойиб имкониятдир.
Фестивалда жами 150 дан зиёд флорист-тадбиркорлар ҳамда 300дан ортиқ ҳаваскор гулчилар иштирок этиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, йил сайин ўтказилаётган кўчатлар сони ошиб бормоқда. Жорий йилда Гуллар фестивали тарихида биринчи марта 100 миллион гул кўчати экилиши кутилмоқда.
“Namangan Flowers – 2021” фестивали доирасида энг диққатга сазовор воқеалардан бири шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб ўтказиладиган гуллар паради ҳисобланади. Парадда 150 дан ортиқ транспорт воситаси, қишлоқ хўжалиги ва махсус техника қатнашиб, уларнинг барчаси ёрқин ва ранг-баранг гуллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси байроғи билан безатилади. Фестивалнинг расмий очилиш маросими Бобур номидаги марказий паркда бошланиб, парад ҳам шу ердан йўналиш олади.
Гуллар фестивалини ўтказиш баҳорнинг бошқа байрамлари билан бир қаторда этно-экологик жиҳати билан аҳамиятлидир. Ушбу фестивал 1961-йилдан буён Ўзбекистоннинг энг йирик ҳодисаларидан бўлиб, юртимизнинг бой ўсимликлар дунёсини акс эттиради.
Маълум қилинишича, мазкур фестиваль 24-31 май кунлари бўлиб ўтади.






