АсосийЖАМИЯТ

“Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-ҳафталигининг учинчи куни ҳам унутилмас тадбирларга бой бўлмоқда

“Ёшлар ижод саройи”да ЎзЭОАВМА ташаббуси билан бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкило...

'“Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-ҳафталигининг учинчи куни ҳам унутилмас тадбирларга бой бўлмоқда'ning rasmi

“Ёшлар ижод саройи”да ЎзЭОАВМА ташаббуси билан бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда иш бошлаган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа ҳафталиги давом этмоқда.

 5 май куни медиа-ҳафталик доирасида “Севимли” телеканали ва ЎзЭОАВМА ҳамкорлигида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида  мамлакатимиздаги илк талабалар мультимедиа студиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олган Бекар жаноблари ҳам иштрок этди.

Тадбирни университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа кириш сўзи билан очаркан, кейиги йилларда юртимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, университет энди иш бошлаган 2018 йилда 101 нафар йигит-қиз  қабул қилинган бўлса, 2020-2021 ўқуви йилида 700 нафардан ортиқ абитуриент талабалик тахтига муяссар бўлган. Бу эса, талабаларнинг назарий билимлар билан бирга амалий кўникмаларни эгаллаш учун янада кенгроқ имкониятларни ишга солишни талаб этади.  

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев, Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – матбуот котиби Шерзод Асадов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур студиянинг очилиши Ўзбекистон медиа-макони тарихида муҳим ҳодиса бўлишини таъкидладилар.  

–Бу ерда энг фаол ва ташаббускор талабалар университет ва ёшлар  ҳаёти билан боғлиқ янгиликларни “Севимли” телеканали орқали ёритишлари мумкин, - дейди ЎзЭОВМА бош директори Жалолиддин Сафоев. – Олдинда ёшларни оммабоп интернет ва телевизион платформаларда ишлаш жараёнлари кутмоқда, ҳозир эса, улар маҳорат дарслари, семинар-тренинг машғулотлари орқали ўз кўникмаларини оширишлари, ўз услуб ва йўналишларини топишлари  зарур.  Бундан ташқари, “Пойтахт” радиоси билан ҳамкорликда радиостудия ҳам очилади. Бошловчи радиожурналистлар учун амалиёт, лойиҳаларни жорий қилиш, ёшларбоп кўнгилочар дастурлар тайёрлаш учун эфир вақти ажратилади.  

 Тадбирда қайд этилганидек, талаба ёшлар учун замонавий базалар Ўзбекистоннинг бешта университетида, ОАВ соҳасида кадрлар тайёрланадиган факультетлар қошида ташкил қилинади. Шу куннинг ўзида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти, Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети  ва  ЎзЭОАВМА билан меморандумлар имзоланди.  

Иштирокчилари университетда талаба ёшларнинг билим олиши, яшаши, амалий кўникмаларни ошириши учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишишди.  

“Ёшлар ижод саройи”да ҳам  медиа-ҳафталик доирасида белгиланган тадбирлар давом этмоқда. Айни соатларда россиялик таниқли ҳужжатли кино усталари  ва телебошловчилар Валдис Пельш ҳамда  Саида Медведьевалар иштирокидаги маҳорат дарслари бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, кун тартибидан ёш ўзбек  киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Унутилмас қаҳрамонлар” туркумидан, Иккинчи Жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ҳамюртларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар намойиши ўрин олган.

    Бошқа янгиликлар