АсосийЖАМИЯТ

Иқтисодий судларда кўрилган ишлар 31,2 фоизга кўпайган, суд ҳужжатларининг юқори инстанцияларда ўзгартирилиши-чи?

Аввалроқ, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2021 йилнинг 1-чораг...

'Иқтисодий судларда кўрилган ишлар 31,2 фоизга кўпайган, суд ҳужжатларининг юқори инстанцияларда ўзгартирилиши-чи?'ning rasmi

Аввалроқ, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2021 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериш мақсадида ОАВ учун брифинг ташкил қилингани ҳақида хабар бергандик.

Брифингда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2021 йилнинг биринчи чорагида қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида ахборот берди.

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2021 йилнинг биринчи чорагида одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, жами 7 736 та иш кўриб чиқилган. Шундан, 18 та суд буйруғи берилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 2 409 тага ёки 31,2 фоизга кўпайган. Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 13 тани (биринчи инстанцияда 3 тани, апелляция инстанциясида 8 тани ҳамда кассация инстанциясида 2 тани) ташкил қилган бўлса, Тошкент туманлараро иқтисодий судида 159 тани ташкил қилган. 

Мазмунан кўриб чиқилган 7 736 та иқтисодий ишларни иш туркумлари бўйича оладиган бўлсак:

  • банклардаги ҳисоб варақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ 2 288 та ёки 29,5 фоизи,
  • маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ 2 149 та ёки 27,7 фоизи,
  • ижара шартномаси билан боғлиқ 412 та ёки 5,3 фоизи,
  • ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси билан боғлиқ 342 та ёки 4,4 фоиз,
  • коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси билан боғлиқ 266 та ёки 3,4 фоизи,
  • лизинг шартномаси билан боғлиқ 264 та ёки 3,4 фоизи,
  • олди-сотди шартномаси билан боғлиқ 253 та ёки 3,2 фоизи,
  • пудрат шартномаси билан боғлиқ 226 та ёки 2,9 фоизи,
  • молиявий жарима қўллаш билан боғлиқ 186 та ёки 2,4 фоизи,
  • кредит шартномаси билан боғлиқ 179 та ёки 2,3 фоизи,
  • ва бошқа иш туркумлари билан боғлиқ 1 171 та ёки 15,1 фоизини ташкил қилади.

Жами 320 та суд мажлиси видеоконференцалока режимида ўтказилган. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг 452 нафар вакили ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд мажлисларида қатнашиб, уларнинг 122 млн. сўмдан ортиқ маблағлари тежаб қолинган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида 7 736 та ишларнинг 2 559 таси ёки 33 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 790,2 млрд. сўм (2020 йилда 461,9 трлн. сўм) ундирилган.

Хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 3 167 та иш кўрилиб, улар фойдасига 359,2 млрд. сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Ушбу даврда республика бюджетига 8,1 млрд. сўм ихтиёрий равишда давлат божи тўланган бўлса, суд ҳужжатларига асосан 30,1 млрд. сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

Тадбиркорлик субъектларидан иқтисодий судларга электрон шаклда юборилган даъво ариза (ариза)лари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 566 тага кўпайган, 2 670 тани (ўтган йилда 104 тани) ташкил этган. 

Судларда раҳбариятнинг шахсий қабул китоби ташкил қилинган бўлиб, мурожаатлар белгиланган тартибда ушбу китобга киритилган. Суд биносида ва сайёр қабулда келиб тушган мурожаатлар алоҳида китобларда қайд этиб келинмоқда. Мурожаатларни ўз вақтида тўлиқ қайддан ўтказилиши, уларни ҳисобини тўғри олиб борилишини таъминлаш ҳамда статистик ҳисоботлардаги хатоликларни бартараф этиш мақсадида мурожаатларни ўз вақтида электрон маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.

Иқтисодий судларда умумий кўрилган ишлар сони 31,2 фоизга кўпайган бўлса-да, суд ҳужжатларининг юқори инстанцияларда ўзгартирилиши ва бекор қилиниши кўрсаткичи камайиши, 1,9 фоизни ташкил этган.

Шаҳар ҳамда туманлараро иқтисодий суди судьялари томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг 295 таси апелляция инстанциясида қайта кўрилиб, 43 та ёки 14,5 фоиз суд ҳужжатлари бекор қилинган, 44 та ёки 15 фоиз суд ҳужжатлари ўзгартирилган ҳамда 208 та ёки 70,5 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанциясида 53 та суд ҳужжати қайта кўрилиб, 8 та ёки 15 фоиз суд ҳужжатлари бекор қилинган, 8 та ёки 15 фоиз суд ҳужжатлари ўзгартирилган ҳамда 37 та ёки 70 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган.

Банкротлик тартибини қўллашга доир кредиторлар ва ариза бериш ваколатига эга бўлган идораларнинг 81 та аризалари кўриб чиқилиб, 66 та истиқболи йўқ қарздор хўжалик юритувчи субъектлар банкрот деб топилган. Ҳисобот даврида ўтган йилларда банкрот деб топилган (265 тадан) 46 та корхоналар давлат реестридан чиқарилган. 

Иқтисодий судларда тўхтатилган ишлар 52 тани ташкил этиб, шундан 12 таси шаҳар иқтисодий судлов ҳайъатида, 40 таси туманлараро иқтисодий суди ҳиссасига тўғри келади. Иш юритиш тўхтатилган ишларни тиклаш юзасидан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилиб, тиклаш чоралари кўрилмоқда.

    Бошқа янгиликлар