АсосийSiyosat

Европада Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати эътироф этилди

'Европада Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати эътироф этилди'ning rasmi

Бельгиянинг етакчи «Brussels Times» газетаси саҳифасида ОАВ ривожланиши ва уларнинг эркинлиги таъминланиши мавзусига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда қайд этилганидек, сўз эркинлиги ва ахборотдан баҳраманд бўлиш таъминланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон ўзининг  ахборот соҳасини демократлаштиришга содиқдир. Бугунги кунда мамлакатда ОАВ фаолияти, шунингдек, сўз ва ахборот эркинлиги ҳуқуқий бошқарилиши барқарорлигини таъминлаш учун қонуний замин тизимлаштирилмоқда, бу фаолиятнинг ҳуқуқий асослари ҳамда журналистлар касбий ҳуқуқларининг ҳимояси мустаҳкамланмоқда.

Хабар қилинганидек, сўз эркинлиги ҳамда ОАВ самарали фаолияти таъминланишининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида  мамлакатда 20 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Улар орасида, жумладан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.

Нашр мамлакатимизда сўз эркинлиги, ахборот олишни таъминлаш ва ОАВ ривожлантириш  бўйича қисқа давр оралиғида кенг қамровли ишлар амалга оширилганини таъкидлаган.

2018 йил май ойида давлат раҳбари фармони билан мамлакатда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди ва талабаларга ўз эшикларини очди.

2019 йил Президентнинг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятининг очиқлиги, журналист ва блогерлар билан яқин ҳамкорлиги, долзарб масалалар бўйича ОАВ ва жамиятни тезкор равишда хабардор қилиш таъминланди, давлат органлари ва ташкилотлари матбуот котибларининг мақоми идора раҳбарининг ўринбосари даражасигача кўтарилди.

“Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 600 нафардан зиёд матбуот котиблари фаолият кўрсатмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар Ўзбекистон ахборот майдонини мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар ва давлат идоралари ишлари тўғрисидаги ахборотлар билан янада бойитиш имконини берди”, деб ёзади «Brussels Times».

Нашр Ўзбекистон ахборот макони изчил кенгайиб бораётганига ҳам эътибор қаратган. Хусусан, кейинги 5 йил ичида рўйхатдан ўтган ОАВ сони 352 тага кўпайгани ҳолда 1 минг 866 тани ташкил этганини таъкидлайди. “Уларнинг 630 таси интернет ОАВ ҳисобланади. Шу билан бирга, 1,3 минг фойдаланувчи ўзини блоргер сифатида намоён этгани ҳолда фаол журналистик иш олиб бормоқда”, - деб ёзади газета.

    Бошқа янгиликлар