Президентнинг Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида вилоятда 2021 йил ҳосили учун тажриба тариқасида шолидан йилига 2 марта ҳосил олиш топшириғи берилган эди. Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб Хоразм вилоятида ана шу усулда шоли етиштириш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари вилоятнинг 8 та туманида 20 гектар майдонда биринчи экинни экиш ишлари якунланди.
Мазкур майдонларда шолининг маҳаллий эртапишар - “Санам”, “Гулистон”, “Нукус 2”, “Нукус 70” навлари кўчатлари экилиб, июль ойининг биринчи ўн кунлигида тўлиқ пишиб етилади. Июль ойида экиладиган иккинчи ҳосил эса октябрь ойида йиғиштириб олинади.
Одатдагидан икки марта кўп ҳосил олиш учун айни дамда ҳудудларда ишни тўғри ташкил этиш, бу борада хориж тажрибасини кенг қўллаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги олимлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи шоликор фермерлар ҳамда шоли етиштирувчи хўжаликлар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Маҳаллий етиштирилувчиларга Япония, Хитой, Корея, Филиппин, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг тажрибалари ўргатилмоқда.

2021 йилда Ўзбекистонда янги шоли навларини яратиш мақсадида Вьетнамдан 15 та, Хитойдан 15 та, Кореядан 6 та, Россиядан 4 та ва Туркиядан 2 та нав намуналар келтирилди. Ушбу навлар маҳаллий навлар билан чатиштирилиб, янги навлар яратилади.
Айни пайтдаги режага кўра, жорий йилда аҳолини гуруч маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш ва нарх барқарорлигини сақлаб туриш мақсадида 611 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 287,5 минг тонна кўп шоли ҳосили етиштирилиб, 350 минг тонна гуруч, 65 минг тонна оқшоқ (сечка) ҳамда 90 минг тонна ембоп маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Ҳозирда Ўзбекистонда экин майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан:
— 2021 йилда шоли экиладиган майдонлар ўтган йилга нисбатан 37 минг гектарга ёки 40 фоизга оширилиб, жами 129,3 минг гектарга, шундан, 66,7 минг гектар асосий ва 62,6 минг гектар такрорий майдонларга шоли экиш белгиланди.
— Сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда ҳосилдорликни ошириш мақсадида шоли майдонларининг 43 минг гектари (33%) лазерли текисланади ва 40 минг гектарга кўчат усулида шоли экилиб, ҳосилдорлик ўртача 12-15 центнерга оширилади.

Шоли кўчатлари 15 майдан танлаб олинган 154 та фермер хўжаликларининг 1 200 гектар асосий майдонларига илк маротаба механизациялашган ҳолда экилади. Бунинг учун Хитойдан 14 та махсус кўчат экиш машиналари олиб келинди.
Қайд этиш керакки, Уруғлик шоли етиштирш бўйича ҳудудларда феврал ойида танловлар ўтказилиб, 1471 та талабгор фермер хўжаликларидан энг салоҳиятли 323 таси танлаб олиниб, вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг қарорлари билан тасдиқланди.
Хорижий навларни маҳаллийлаштириш, селекция ва агротехникада илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш учун Вьетнам қишлоқ хўжалиги академиясидан селекционер мутахассис Нха Пам Ван 7 апрель куни Ўзбекистонга етиб келган.

Шоли етиштириш агротехникаси ва қайта ишлаш технологияси бўйича халқаро тажрибани кенг қўллаш мақсадида Хитойнинг Миллий шоличилик институти ҳамда Таиланд халқаро ҳамкорлик агентлиги мутахассислари иштирокида Ўзбекистонлик мутахассислар ва шоли етиштирувчи хўжаликлар учун ўқув семинарлар ташкил этилди.
Шунингдек, жорий йил феврал-март ойларида хорижий мутахассислар томонидан Шоличилик ИТИ ҳамда Хоразм вилоятидаги кластерлар ва фермер хўжаликларининг 100 дан ортиқ раҳбар ва мутахассислари учун “online” малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.
Маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шолини саноат усулида қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратишни кўпайтириш бўйича “ТСТ Rice” кластери тажрибаси асосида 6 та ҳудудда 13 та шоличилик кластерлари томонидан 2021 – 2022 йилларда 129 минг тонна қувватдаги қайта ишлаш, қуритиш ва сақлаш инфратузилмасини ташкил этиш учун қиймати 200 млрд. сўмлик лойиҳалар ишга туширилади.
Шолини замонавий қайта ишлашни ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 3 та (қиймати 70 млрд. сўм), Хоразмда 3 та (45 млрд. сўм), Сирдарёда 2 та (30 млрд. сўм), Андижонда 3 та (40 млрд. сўм), Наманганда 1 та (15 млрд. сўм) лойиҳаларни ишга тушириш белгиланган бўлиб, уларни молиялаштиришга ХМИлар ва тижорат банкларининг қарийб 150 млрд сўм кредитлари йўналтирилади.

Шунингдек, Республикада шоличилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини халқаро тажрибалар асосида янада ривожлантириш, илмий лаборатория ва моддий-техник базани мустахкамлаш учун Халқаро молия институтларидан 100 млн. АҚШ доллари миқдордаги кредит маблағларини жалб этиш бўйича музокалар олиб борилмоқда.
Амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида сув тежалишидан тортиб, сифатли маҳсулотни юқори кўрсаткичда йиғиб олиш кутилмоқда. Аниқ рақамларга кўра, эндиликда:
– шолини кўчат усулида экиш ва лазерли ер текислаш ҳисобига
4,8 минг тонна уруғлик (60%) иқтисод қилинади ҳамда 460 млн. метр куб сув (23%) тежалади;
– ҳар бир гектар майдон ҳисобига шоли ҳосилдорлиги 43 фоизга оширилиб, ўртача 50 центнерга етказилади;
– жорий йил якуни билан 19 минг тоннадан ортиқ юқори авлодли уруғлик шоли етиштирилиб, 2022 йилдан республика бўйича тўлиғича сертификатланган уруғлик билан таъминлаш йўлга қўйилади;
– келгуси йилдан бошлаб республика аҳолисининг тиббий меъёр бўйича гуручга бўлган 335 минг тонна талабини ички ишлаб чиқариш ҳисобига тўлиқ таъминлаш ва импортни тўхтатиш имкони яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот:







