Буюк Британия Лордлар палатаси аъзоси Лорд Шейхнинг рафиқаси Гули Хоним Шейх Тошкент вилоятида бўлиб, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш ва уларнинг оиладаги мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб Нурафшон шаҳрида ташкил этилган учрашувда Гули Хоним Шейх Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоева, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари мутахассислари билан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича суҳбатлашди.

Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 1,5 миллион нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Шуни ҳисобга олиб, ҳар бир туман ва шаҳарда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик маркази ташкил этилган.
У ерда аёлларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ айрим ҳолларда аёлларнинг ҳуқуқий билимлари етишмаслиги туфайли улар ўртасида ҳуқуқбузарликларни содир бўлишига олиб келмоқда.
Шуни эътиборга олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан жойларда тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Ўз навбатида британиялик меҳмон хотин-қизларнинг аёлларни ижтимоий ва психологик қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган мотивациясини ошириш бўйича тажрибалари ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг нуфузли меҳмон иштирокида Ўрта Чирчиқ тумани Давлат хизматлари марказида ҳудуддаги тадбиркор ва ҳунарманд аёллар учун семинар-тренинг ўтказилди.
Шунингдек, туман ҳокимлиги ва унинг атрофидаги аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотларда ходимлар, аҳоли учун яратилган шароитлар ўрганилди.
Гули Хоним Шейх Пискент туманидаги 79-сонли мактаб интернатида ўқувчилар томонидан тайёрланган қўл меҳнати билан тайёрланган буюмлар кўргазмаси билан танишди. Болалар билан суҳбатлашди, уларга ўқув қуролларидан иборат совғалар топширди. Оҳангарон шаҳрига ташриф давомида шаҳримиздаги 7-сонли махсус мактаб интернат фаолияти билан танишди.
"Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Элчиси Саид Рустамов жанобларига ўз ташаккуримни билдирмоқчиман. Ташкилий ишларда йўл кўрсатиб, ўз ёрдамларини аямаганликлари учун миннатдорман ва уларнинг тавсиялари асосида 7- мактабга ногиронлар аравачаси хайрия қилинди", - дейди Гули Хоним Шейх.









