Италиянинг Рим шаҳридаги диққатга сазовор масканларда каламушлар кўпайиб кетди, деб хабар беради “Вести” нашри.
Маҳаллий ҳукумат вакиллари каламушларга қарши кураш самарасиз якунланганини маълум қилди.
“Каламушлар — ҳозирда бизнинг энг катта муаммоимиз. Биз улар билан қандай курашишни билмаяпмиз”, — деди шаҳар археологик меросини сақлаб қолиш бўйича махсус бошқарма бошлиғи.
Рим шаҳри маъмурияти аввал ҳам бир неча бор каламушлардан азият чеккан. Жорий йилнинг сўнгги ойларида эса каламушлар популяцияси рекорд даражада ортди. Шаҳарда айни пайтда махсус воситалар ёрдамида дезинфекция ишлари ўтказилмоқда. Аммо шаҳардаги санитар вазиятни тартибга солиш учун узоқ муддат талаб этилади.
Ҳозирги кунда Рим шаҳридаги каламушлардан холи бўлган ягона диққатга сазовор маскан—Форум Аржентино майдони ҳисобланади. Мазкур ҳудудни маҳаллий аҳоли вакиллари мушуклар форуми деб ҳам аташади. Чунки бу ерда ўнлаб уйсиз мушуклар яшайди.





