Питтсбург университети тиббиёт мактаби ректорининг академик ва глобал ишлар бўйича ўринбосари, доктор Маргарет Макдональд бошчилигидаги делегация 17 май куни Ўзбекистонга келади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, делегациянинг 17-23 май кунлари бўлиб ўтадиган амалий сафари дипломатия миссияси ва таълим муассасаси ўртасида эришилган келишувлар доирасида ҳамда Марказий Осиё университетлари билан «UniCEN» ҳамкорлик дастурига биноан «Америка кенгашлари» грант кўмагида ташкил этилмоқда.
Элчи Жавлон Ваҳобов тиббий таълим соҳасидаги етакчи экспертларнинг ташриф дастурини таниқли олимлар билан муҳокама қилди. Учрашувда илмий ҳамкорликни ошириш, Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртларига замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқишда ёрдам бериш, таълим сифатини ошириш, шунингдек, Питтсбург университети Тиббиёт мактаби ва мамлакатимиз университетлари ўртасида ҳамкорлик шартномаларини имзолаш масалалари кўриб чиқилди.
Америка делегациясининг республикамизга сафар дастури воқеаларга жуда бой. Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси ва Самарқанд давлат тиббиёт институти билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш режалаштирилган. Питсбург университети Тиббиёт мактаби ушбу келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ҳукумати ва манфаатдор муассасалар билан юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга замонавий ёндашувларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр. Мамлакатимиз университетлари америкалик ҳамкорлар билан таълим дастурларини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги соҳаларда алоқаларни йўлга қўяди: қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва илмий мақолалар нашр этиш, тиббий таълим, илм-фан ва бошқа соҳаларда тажриба алмашиш, қўшма илмий ва амалий тадбирлар ўтказиш, маҳорат дарслари, маърузалар ва семинарлар ташкил этиш, илмий ва ўқув лойиҳаларида биргаликда қатнашиш, қўшма ўқув курслари ва дастурлари, шу жумладан, онлайн-тадбирлар, талабалар ва ўқитувчилар учун стажировкалар, малака ошириш ва бошқа тадбирлар уюштириш.
Питтсбург университети Тиббиёт мактаби делегацияси Соғлиқни сақлаш, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларида, шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали раҳбарияти ва бошқа муассасаларда учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда.
1787 йилда ташкил этилган Питтсбург университети (University of Pittsburgh) Пенсильвания штати марказидаги давлат тадқиқот университети ҳисобланади. Айни пайтда олий ўқув юртида 35 минг талаба таҳсил олмоқда. Унинг таркибида 17 коллеж ва мактаб мавжуд.
Питтсбург университети Тиббиёт мактаби «U.S. News & World Report» таҳлилларига кўра, АҚШдаги энг яхши тиббиёт мактаблари қаторидан ўрин олган. Ушбу тиббиёт мактаби илмий тадқиқот ишлари бўйича 13-ўринда, тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш соҳасида 14-ўринда ва Дунё университетлари академик рейтингида энг яхши тиббиёт мактаблари рўйхатида 17- ўринда қайд этилган.