Кеча, 14 май куни Нью-Йоркда Ўзбекистон ва Доминика Ҳамдўстлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланди.
Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжат Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ва Доминиканинг БМТдаги доимий вакили, элчи Лорин Баннис-Робертс томонидан имзоланди.
Доминика Ҳамдўстлиги Кариб денгизининг шарқида жойлашган орол давлатдир. Мамлакат майдони 751 квадрат километрдан иборат. Аҳоли сони 70 минг кишини ташкил этади. Доминика БМТ, Британия Миллатлар Ҳамдўстлиги, Кариб Ҳамжамияти (CARICOM), Кариб умумий бозори ва Шарқий Кариб давлатлари ташкилоти аъзоси ҳисобланади.
Суҳбат чоғида Доминика элчисига Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, сўнгги йилларда республика ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берилди. Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган, COVID-19 пандемияси даврида жаҳон ҳамжамиятининг иқтисодий тикланиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини мустаҳкамлаш, камбағалликка қарши курашиш, шунингдек, минтақавий ривожланишни таъминлашга қаратилган муҳим халқаро ташаббусларнинг мазмун-моҳияти таъкидланди.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ тузилмаси доирасида биргаликдаги ишларни ривожлантиришга бўлган қизиқишини тасдиқлади. Ўзбекистон ва Доминика Ҳамдўстлиги ўртасидаги ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш бўйича икки томонлама алоқаларни мунтазам давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Доминика Ҳамдўстлиги Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 137-мамлакатга айланди.






