АсосийЖАМИЯТ

Стихия-2021: “Ўлик” кемалар “жонланган” кеча (фоторепортаж)

2018 йилда ташкил этилиб, ўтган йили пандемия туфайли қолдирилган “Стихия” электрон-мусиқи...

'Стихия-2021: “Ўлик” кемалар “жонланган” кеча (фоторепортаж)'ning rasmi

2018 йилда ташкил этилиб, ўтган йили пандемия туфайли қолдирилган “Стихия” электрон-мусиқий фестивали бир тарафдан туризм ривожига ҳисса қўшса, бир тарафдан дунё ёшларини Орол фожиасига бефарқ бўлмасликка чақиради. 14-15 май кунлари очиқ осмон остидаги музей – “Кемалар қабристони” яқинида навбатдаги “Стихия”фестивали бўлиб ўтди.

Фестивал дастури доирасида:

— Ўтов тиклаш маросими;

— Экологик минтақа ҳисобланмиш Мўйноқда дарахт экиш маросими;

— Қорақалпоқ миллий ҳунармандчилик буюмлари савдоси ярмаркалари;

— Орол фожиаси тўғрисида ишланган ҳужжатли фильмнинг уч тилли намойишлари ташкил этилиб, кун чўккач, махсус барпо қилинган саҳна ва рақс майдонида турли DJ ларнинг мусиқий чиқишлари бўлиб ўтди.

Фестивалда дунёнинг турли давлатлари (АҚШ, Нидерландия, Франция, Италия, Германия, БАА, Россия, Қозоғистон) ҳамда мамлакатимиз вилоятларидан иштирокчи ёшлар ташриф буюриб, экологик оғир ҳудуд ҳисобланган Мўйноқ туманидаги ҳаёт тарзини ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳи бўлишди. Қумга ботган кемаларга эса ҳуддики денгизда сузаётгандек тус берилди: рангли чироқлар билан ёритилиб, атрофида меҳмонлар суратларга тушиб, ўзларини кема бортида тасаввур қилишди. 

 

Фестивал доирасида Тошкент-Нукус йўналиши бўйича қўшимча авиақатновлар ҳам йўлга қўйилди. Шунингдек, биргина фестивал пандемия даврида фаолият юритишга қийналиб қолган Нукус-Мўйноқ йўналишидаги кўплаб туристик инфратузилмалар: меҳмонхона, умумий овқатланиш масканлари, дўконлар, такси ва автобус хизматлари, бозорларнинг бир мунча “жонланиши”га ҳам туртки бўлди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Бош бошқармаси бошлиғи Байрам Кусекеевнинг айтишича, мақсад ҳам айнан шундай бўлган. Бу турдаги фестиваллар, Rally мусобақалари, “100 хил балиқ таомлари” фестиваллари, экстремал сайёҳликнинг йўлга қўйилиши Мўйноқнинг туризм жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса саёҳлар сонининг ошиши, хизматлар соҳасининг ривожига бевосита ижобий таъсир қилади.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

Тошкент-Мўйноқ-Тошкент 

    Бошқа янгиликлар