1

Тошкент вилоятида янги олий ўқув юрти ташкил қилинади

ЖАМИЯТ 19.05.2021, 17:01
Тошкент вилоятида янги олий ўқув юрти ташкил қилинади

Жорий йилнинг 17-18 май кунлари Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов ва бошқа мутасаддилардан ташкил топган делегация Татаристон пойтахти Қозон шаҳрига ташрифи амалга оширилди. Бу ҳақда “Даракчи”га Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати маълум қилди. 

Асосий мақсад ўзаро тажриба алмашиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, шаҳарсозлик, архитектура, ободонлаштириш, жамоат транспорти тизимини ўрганиш, шунингдек, Қозондаги ижтимоий ва инфратузилма объектлари билан танишишдан иборат.

Тошкент вилояти ҳокими Д.Ҳидоятов Ўзбекистон делегацияси таркибида Қозон мери Илсур Метшин билан учрашди. Ўзаро мулоқот давомида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек, 2021-2022-йилларда шаҳарсозлик соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Татаристон Президенти Рустам Минниханов билан учрашди. Ўзаро дўстона мулоқотлар давомида вилоят ҳокими Татаристон Президентининг таклифига биноан Қозон шаҳридаги ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига ихтисослаштирилган “ETERNITY” Ай-Ти мактаби фаолияти ва у ердаги ўқитиш тизими билан яқиндан танишди. Хозирги кунда бу каби мактаблар рақамли иқтисодиёт учун салоҳиятли кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган.

Мутахассислар томонидан ушбу лойиҳаларни Тошкент вилоятида татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида вилоят ҳокимлиги вакиллари Қозон Федерал Университети раҳбарияти билан учрашди. Мулоқот чоғида ижтимоий фанлар, иқтисодиёт ва бошқа йўналишларда кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртини Тошкент вилоятида очиш, ўқув жараёнларига татаристонлик профессор-ўқитувчиларни ҳам жалб қилиш ҳақида келишилди.

Шундан сўнг делегация аъзолари ишлаб чиқаришга мўлжалланган Технополисда бўлишди. Ўзаро музокаралар давомида турли компанияларни жалб этган ҳолда Тошкент вилоятида ҳам мана шундай Технополис ташкил этиш ишларини жадаллаштириш масаласи муҳокама этилди.

Бунда асосий эътибор импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар, хусусан, кимёвий, нефтехимия маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1