АсосийJinoyat

Наманганда фирибгарлик йўли билан пул ундириб юрган аёлларга суд ҳукми ўқилди

'Наманганда фирибгарлик йўли билан пул ундириб юрган аёлларга суд ҳукми ўқилди'ning rasmi

Наманган шаҳрида яшовчи Фарида Абдиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг жиноий шериги Дилдора Каримова билан олдиндан жиноий тил бириктириб, 2019 йил ноябрь ойи охирларида вояга етмаган Муниса Тўраевага 2019 йил ноябрь ойи бошида бозорда сотган тилла тақинчоқ сохта чиқиб қолгани учун Наманган шаҳар ИИБ суриштирув бошлагани, бу ишни «ёпиш» учун пул кераклигини айтиб, агарда пул бермаса, уни қаматиб юбориш билан қўрқитиб, ундан онаси Малика Садировага тегишли бўлган нархи тўққиз юз минг сўмлик узук­ни товламачилик йўли билан қўлга киритган. Шундан сўнг узукни номаълум шахсга сотиб, пулини шахсий манфаатлари учун сарфлашган. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди раиси хабар бермоқда.

Суд раисининг хабар беришича, улар шу тарзда Муниса Тўра­евадан умумий нархи етти миллион сўмлик 3 дона узук ва бир жуфт сирғани товламачилик йўли билан такроран қўлга киритишади.

Нафси ҳакалак отган жиноий шериклар кейинчалик эски «сценарий» асосида Муниса Тўраевадан яна 200 АҚШ доллари, ўн беш миллион етти юз минг сўмлик тил­ла тақинчоқларни олишга муваффақ бўлишади.

Бу ҳолатдан кечикиб хабар топган Малика Садирова ҳуқуқни му­ҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг Фарида Абдиева ва Дилдора Каримовага нисбатан Жи­ноят­ кодекснинг 165-моддаси 2-қис­ми «а» ва «в» бандлари билан­ жи­­­ноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида товламачи жи­ноят­чиларга қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди. Бундан ташқари судланувчилардан 20 миллион 669 минг сўмлик зарарни М. Садирова фойдасига ундириш белгиланди.

Хулоса ўринда таъкидлаш лозимки, ҳаётда йўл қўйилган хатолар ўз вақтида тузатилмаса, оғир оқибатларга олиб келади. Баён этилган жиноят иши тафсилотлари бунинг яққол далилидир. Зеро, Муниса Тўраева рўй берган ҳолатни ота-онасига ўз вақтида маълум қилганида товламачилар ноғорасига ўйнамаган ва оиласи ҳам моддий зарар кўрмаган бўлар эди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар