1

Ўзбек киноижодкорлари делегациясининг Тожикистонга сафари якунланди

МАДАНИЯТ 22.05.2021, 19:16
Ўзбек киноижодкорлари делегациясининг Тожикистонга сафари якунланди

Ўзбек киноижодкорлари делегациясининг Тожикистон Республикасига ижодий сафари бугун, 22 май куни ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар қилди.

Аввалроқ 19-22 май кунлари қўшни республика Тожикистонда “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилинган эди. Шу муносабат билан таниқли киноижодкорлар ва журналистлардан иборат делегация тузилиб, делегация аъзолари уч кун давомида Тожикистонда ижодий сафарда бўлишди.

Ташрифнинг илк куни, 19 май Ўзбекистонлик ҳайъат аъзоларини «Тожикфильм» давлат муассасаси директори Маҳмасаид Шоҳиён бошчилигидаги тожик киноижодкорлари кутиб олишди. Шу куни делегация Тожикистон Оммавий ахборот воситалари академиясида бўлиб, матбуот анжуманида иштирок этди. Анжумандан сўнг ўзбекистонлик киноижодкорлар Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги миллий кутубхонага ташриф буюришди. Мазкур кутубхонада уч ярим миллион нусхадан ортиқ турли тиллардаги китоблар, газета ва журналлар сақланмоқда.

Шунингдек, ташриф давомида ўзбекистонлик меҳмонлар Душанбе шаҳридаги Алишер Навоий боғига ҳам ташриф буюриб, у ерда ҳазрат Навоийнинг шеърларидан намуналар ўқилди. Мазкур боғ 2018 йил очилган бўлиб, унинг очилишида икки давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон иштирок этишган.

20 май куни ўзбекистонлик кино усталари Ҳисор шаҳрига ташриф буюриб, шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари, тарихий обидалари билан танишдилар. Яна шу кун иноижодкорларнинг Тожикистон Миллий музейига ташрифи ҳам мазмунли ўтди. Музейда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” китоб-альбомларининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Тақдимотдан кейин меҳмонлар  тожик кинематографиясининг етук намояндаларидан бири Борис Кимёгаров (1920-1979) қабрини зиёрат қилишди.  

21 май куни Ўзбекистон делегацияси Ваҳдат шаҳрида ҳам кино мухлислари катта хурсандчилик ва тантана билан кутиб олишди. Ваҳдат  маданият саройида ўтказилган учрашув сўнгида режиссёр Аюб Шахобиддинов суратга олган “Рангсиз тушлар” бадиий фильми намойиш қилинди. Шу куни Душанбе шаҳридаги “Зебунисо” кинотеатрида ўзбек ва тожик киноижодкорларининг учрашуви ўтказилди.

Учрашув ниҳоясида  Ўзбекистон Кинемтаография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов ҳамда “Тожикфильм” Давлат муассасаси раиси М.Шоҳиён икки томонлама ҳамкорлик бўйича меморандум имзолашди. Шу куни “Тожикфильм” Давлат муассасаси томонидан суратга олинган “Сув боласи” (“Бачаи обий”) фильми ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.

Шу билан “Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари” ўз ниҳоясига етди. Уч кун давомида Тожикистоннинг бир қатор шаҳар ва туманларида томошабинларга “Илҳақ”, “Рангсиз тушлар”, “Келинлар қўзғолони”, “Ҳамкорлик бўйича навбатчи”, “Халқ юраги”, “Сирли сандиқ” сингари бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмлар намойиш қилинди. Ўзбекистонлик  киноижодкорлар 22 май куни Ватанимизга қайтиб келишди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1