Бугун, 23 май куни мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонасида Корея Республикаси Олий прокуратураси халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Гу Синг Мо билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари Дониёр Қодировнинг Жанубий Корея Бош прокурори вазифасини бажарувчи Че Нам Гван билан 19 май куни бўлиб ўтган учрашуви якунлари сарҳисоб қилиниб, икки мамлакат Бош прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид кейинги қадамлар муҳокама қилинди.
Жанубий Корея вакиллари Ўзбекистон Бош прокуратураси билан кенг кўламли соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. 2021 йилда Корея Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Бош прокуратураси ходимлари учун семинарлар ташкил этиш, шунингдек, томонларни қизиқтирган масалалар бўйича тажриба алмашиш учун мамлакатимиз ҳудудида «давра суҳбати» ўтказиш режалаштирилган.
Томонлар ўртасидаги идоралараро ҳамкорликнинг сезиларли даражада ўсишини инобатга олган ҳолда, яқин келажакда икки мамлакат Бош прокуратураларининг халқаро бўлимлари ходимлари ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришилди.






