1

Деҳқонободда ўқитувчи иккинчи хотинининг севгилиси томонидан пичоқлаб ўлдирилди

ЖИНОЯТ 25.05.2021, 15:00
Деҳқонободда ўқитувчи иккинчи хотинининг севгилиси томонидан пичоқлаб ўлдирилди

Қашқадарё вилояти Деқонобод туманида мактаб ўқитувчисини пичоқлаб ўлдирган фуқаролардан бири 17 йилга, яна бири 16 йил муддатга қамалди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консултанти Фарҳод Тилавов маълум қилган.

Маълум бўлишича, Деҳқонобод туманининг «Ингичка» МФЙ Найман қишлоғида яшовчи, ҳудуддаги 49-мактабда ишловчи ўқитувчи Б.Қ. 2020 йилнинг 5 ноябрь куни тунги соат, тахминан, 00:00 да ўзига нотаниш икки нафар фуқаро томонидан пичоқлаб ўлдирилган.

Фарҳод Тилавовнинг маълум қилишича, ўқитувчи танасининг саккизта жойидан пичоқлаб ўлдирилган.

Тергов-суриштирув жараёнларидан маълум бўлишича, мактаб ўқитувчиси иккинчи хотини — нишонлик О.Т.нинг севган инсони С.Н. ва унинг таниши Ф.Ж. томонидан пичоқлаб ўлдирилган.

Аниқланишича, марҳум ўқитувчи Нишон туманида яшовчи О.Т.ни иккинчи хотин қилиб олгач, бир муддат қишлоқда яшаган аёл шаҳар ҳаётини қумсаб, эри Б.Қ.нинг Деҳқонобод туманидаги хонадонидан кетиб қолади.

«Аёл турмушга чиқишидан аввал танишган ва севишган, ўзидан кичик ёшли фуқаро С.Н. билан яна кўришиб, топишиб олади. Ва турмуш ўртоғи марҳум Б.Қ.нинг ‘севган йигитингга салом айт’ деган гапини унга айтади. Шу гап сабаб С.Н. таниши Ф.Ж. билан бирга Нишон туманида яшовчи фуқаронинг Lacetti автомобилини буюртма қилиб, Деҳқонобод туманининг Найман қишлоғига йўл олади. Ҳамда машъум қотилликка қўл уради», — дейилади мазкур қотиллик ҳақидаги маълумотда.

Мазкур қотиллик жиноятини кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси Наврўз Ашуров судланувчи С.Н.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «п» банди (бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топиб, 17 йилга муддатга озодликдан маҳрум қилди. Унинг шериги Ф.Ж.ни шу модда билан айблаб, унга эса 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1